Uzbekistan Airways 2024 йилнинг 15 ноябридан эътиборан Тошкент-Лаҳор-Тошкент тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўймоқда, деб хабар қилди «Дунё» АА.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон ва Покистон шаҳарлари ўртасида янги йўналишдаги авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

«Ўзбекистон президенти ташаббуси билан покистонликлар учун виза расмийлаштириш тартибининг соддалаштирилгани ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилаётгани Покистон жамияти учун қувонарли ҳодиса бўлди. Минтақаларимиз ўртасида қайта тикланаётган алоқаларга янгича мазмун бахш этади. Ишбилармонлар учун вақт энг қимматбаҳо неъмат ва қайта тикланмас ресурс ҳисобланади. Бизнес доира вакили сифатида ишонч билан айта оламанки, йўлга қўйилаётган янги авиамаршрут икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро сафарлари давомида сарфланадиган вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради, янги қўшма лойиҳалар учун йўл очади», — деди Ўзбекистоннинг Покистондаги фахрий консули Нажиб Воҳра.