Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан Фарғона каналига тушиб кетган автомобиль олиб чиқилди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 19 октябрь куни 17:07 да Фарғона вилояти Тошлоқ тумани «Найманбўстон» МФЙда яшовчи фуқаронинг бошқарувида бўлган Damas эҳтиётсизлик оқибатида Фарғона каналига тушиб кетгани ҳақида ФВБга хабар тушган.

Хабарга асосан ФВВ қутқарувчилари айтилган манзилга етиб бориб, махсус техника ва қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида автомобиль каналдан чиқариб олган. Автомобилда ҳайдовчи билан бирга унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди бўлган. Ҳайдовчи ва икки нафар фарзанди автомобиль сувга тушган вақтда ўз ҳаракатлари билан қуруқликка чиқиб олган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.