Россия армияси сафида жанг қилиш учун юборилаётган Шимолий Корея ҳарбийлари дастлаб Курск вилоятига жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Украина армияси захирадагилар кенгаши раиси Иван Тимочко маълум қилди.
Тимочко КХДР ҳарбийлари узоқ вақтдан бери Россия армияси таркибида Украинага қарши жанг олиб бораётганини айтди. Дастлаб, улар Корея ракеталарининг операторлари бўлиб, КХДР снарядларини рус артиллерияси ва муҳандисларига ўргатган.
“Бу ҳарбийлардан жанг майдонларининг кўп қисмида фаол фойдаланилаётганини кўряпмиз. Масала уларнинг сони ва бу “ошкор бўлган” 10-20 минг кишилик бўлинмалар қаерда биринчи бор қўлланилишида. Бу аслида жуда катта рақам.
Эҳтимол, уларни Курск вилоятидаги жанговар ҳаракатларда, ҳеч бўлмаганда, маълум вақт мослашишлари учун қўллашга ҳаракат қилишади. Бу эса, ҳар доимгидек, Россияга сиёсий манёвр қилиш имкониятини беради. чунки улар КХДР қўшинлари тўғридан тўғри Россия ҳудудида ҳарбий амалиётлар ўтказишга ёрдам берувчи иттифоқчилар эканини айтиши мумкин”, дея тушунтирди Тимочко.
Шу билан бирга, “бурят батальони” деб аталадиган тактика бошқача бўлади. Бунга жалб қилинган Шимолий Корея ҳарбийларига Россия паспортлари берилади.
“Ҳозир уларнинг самарадорлигига қараб, кейинчалик улардан Украина ҳудудида жанговар ҳаракатлар учун фойдаланиш эҳтимоли катта”, деди Тимочко.
ОАВ Шимолий Корея ҳукумати Украинага қарши уруш учун Россияга ўзининг махсус отряди — КХДР махсус операциялар кучларини юборганини маълум қилган эди. Украина президенти Владимир Зеленский Шимолий Кореядан урушга жалб қилиниши мумкин бўлган 10 минг ҳарбий ҳақида гапирган.
Украина разведкаси раҳбари Будановнинг таъкидлашича, ҳозирда 11 мингга яқин Шимолий Корея пиёдалари Россия шарқида жанговар тайёргарликдан ўтмоқда ва 1 ноябрда жанговар позицияларга юборилади.