Шавкат Мирзиёев 21 октябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳридаги дренаж тизимини танқид қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирди ва яқинда юз берган кучли ёмғир «ҳақиқий аҳволни кўрсатганини» қайд этди.

Унинг таъкидлашича, дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмас, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини яратиш ва дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Президент, бундан ташқари, пойтахтда дарахтларнинг касалланиши ҳам кўпайганини қайд этди.