Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ва Наманган вилояти Учқўрғон туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.
Биринчи ҳолатда ташкилотнинг Наманган филиали ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида рейд ўтказилган ва унда Учқўрғон тумани Қурама маҳалласида жойлашган тадбиркор Б.О.га қарашли иссиқхона ўрганилган. Аниқланишича, истеъмолчи газ ҳисоблагичдан ташқари 20 мм полиэтилен қувур орқали газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган. Қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, 3,22 миллиард сўмлик табиий газ ҳажми ҳисобланган.
Бундан ташқари, Гулистондаги назорат тадбирида «М. Г.» МЧЖдаги газ ҳисоблагичига ўрнатилган бир марталик тамға узилгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома тузилиб, 223,3 миллион сўмлик табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича барча ҳужжат ва далилий ашёлар тегишли ташкилотларга тақдим этилди.