• Чт. Ноя 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кубада масштабли блэкаут давом этмоқда, бутун мамлакат электрсиз қолди



Куба тўртинчи кундирки электрсиз қолмоқда, таъминотни тиклашга уринишлар якшанба куни яна барбод бўлди, дея хабар беради Reuters.

Куба миллий электр тармоғи илк бор 18 октябрь куни тушга яқин, оролнинг энг йирик электр станцияси ишдан чиққач ишламай қолди. Оқибатда 10 миллионга яқин одам электр энергиясиз қолди.

Ўшандан бери ИЭС фаолияти бир неча бор тикланди, аммо у яна носозликка учради.

Куба президенти Мигель Диас-Канель телевидение орқали халққа қилган мурожаатида норозиликни «интизомли тарзда» ифода этишга чақирди. «Биз ҳеч ким вандализм хатти-ҳаракатлари содир этишига, айниқса, халқимиз тинчлигини бузишига йўл қўймаймиз», — деди Диас-Канель.

Куба пойтахти Гавана 20 октябрь оқшомида бутунлай қоронғу тус олди, дея таърифлайди Reuters агентлигининг жойдаги мухбирлари. Кичик миқдордаги корхоналар, барлар ва хусусий уйлар дизель генераторлари билан ишлаб турди. Шаҳарнинг турли нуқталарида кўплаб полиция гуруҳлари борлиги кузатилди.

Гавана чеккасида журналистлар «касероласо» — Лотин Америкасидаги намойиш кўринишларидан бири гувоҳи бўлди, унда иштирокчилар кострюлкалар ва товаларни уриб товуш чиқарди. Озиқ-овқат, сув ва электр тақчиллигидан ғазабланган намойишчилар Сан-Мигель-де-Падрон ҳудудидаги йўлларни ахлат уюмлари билан тўсиб қйди.

Расмийлар электр қуввати душанба ёки сешанба кунигача қайта тикланишига ваъда берганди, бироқ 20 октябрь куни оролга келиб кучли шамол ва ёмғирга сабаб бўлган «Оскар» тўфони туфайли иш мураккаблашди.

Ҳукумат мактаблардаги дарсларни бекор қилди, бу Куба учун аввал умуман юз бермаган чора бўлди, дея таъкидлайди Reuters. Расмийлар, шунингдек, фақат муҳим муассасалар ходимларини ишга қайтишга чақирди.

«Уяли телефонимнинг қуввати тугади, музлатгичимга қаранг. Мендаги озгина нарса ҳам тамом бўлди», — деди Reuters агентлигига уйида уч кундан бери электр йўқ бўлган гаваналик Анабель Гонсалес.

Куба пойтахтининг айрим аҳолиси, шунингдек, чироқ ўчгани сабабли сув таъминоти тўхтаб қолганидан шикоят қилди.

Дам олиш кунларида бутун мамлакат бўйлаб интернет-трафик кескин пасайиб кетди, чунки электр энергиясининг кенг тарқалган узилишлари сабаб орол аҳолисининг аксарияти телефонларини қувватлай олмай қолди.

Нима учун ИЭСда авария юз берди?

Кубада бир неча ўн йиллар аввал қурилган иссиқлик электр станциялари эскирган ва уларга хизмат кўрсатиш қийин. Мамлакат ўз қазилма ёнилғисини жуда кам ишлаб чиқаради ва электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш деярли тўлиқ импортга боғлиқ.

Венесуэла ички истеъмолни қоплаш учун жорий йилда Кубага ёқилғи етказиб беришни ярмигача қисқартирди. Россия ва Мексика ҳам Кубага экспортни қисқартирди, бу эса нақд пул тақчиллигидаги ҳукуматни спот бозорда анча қимматроқ ёқилғи излашга мажбур қилди.

Кубада бир неча ойдан бери кетма-кет — 10−20 соатлик — узилишлар кузатилмоқда, бироқ ўтган жума куни вазият кескинлашди ва ёмон об-ҳаво шароити туфайли ёнилғи танкерларини денгиз орқали етказиб бериш кечиктирилди.

Муаммони узоқ муддатда ҳал қилиш учун ҳукумат қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга, шунингдек, мамлакатда хом нефть ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга сармоя кирита бошлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *