Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон рекорд даражадаги 1,28 миллиард АҚШ долларига газ импорт қилди, бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.уз» ўрганган ташқи савдо ҳисоботида айтилади.
Бу 2023 йилнинг тўққиз ойига нисбатан 3,6 баравар (пул кўринишида) кўп, ўшанда етказиб бериш 487,9 миллион долларни ташкил қилган. Бу, шунингдек, 2023 йилдаги жами газ импортидан 1,8 марта (694,9 миллион доллар) кўп.
Январда «кўк ёқилғи» импорти 35,6 миллион долларни, февралда — 3,7 баравар кўпроқ ёки 131,1 миллион долларни, мартда — 193,5 миллион долларни, апрелда — 102,6 миллион долларни, майда — 180,4 миллион долларни, июнда — 166,3 миллион долларни, июлда — 174,2 миллион долларни, августда эса — 168,3 миллион долларни ташкил қилган. Статистика агентлиги етказиб беришнинг физик ҳажмини ошкор этмайди.
Сентябрда 126,3 миллион долларлик газ импорт қилинди, бу апрелдан бери энг кам кўрсаткич (102,6 миллион доллар).
Ўзбекистон, шунингдек, ўтган йилга нисбатан кўпроқ газ экспорт қила бошлади. Етказиб бериш ҳажми 479,5 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (411,7 миллион доллар) нисбатан 16,5 фоизга кўп. Январда бу кўрсаткич 21 миллион долларни, февралда — 5,7 миллион долларни, мартда — 18,7 миллион долларни, апрелда — 6,9 миллион долларни, майда — 7,6 миллион долларни, июнда — 181,5 миллион долларни, июлда — 81,7 миллион долларни, августда эса — 81,7 миллион долларни кўрсатди.
Сентябрда экспорт 74,7 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йил сентябридаги кўрсаткичдан (33,8 миллион доллар) 2,2 баробар кўп. Ўзбекистон газни асосан Хитойга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бермоқда.
ХХР Бош божхона бошқармаси маълумотларига коʻра, йил бошидан буён ўзбек газининг импорти салкам 499 миллион долларни ташкил этмоқда, бу 2023 йилнинг тўққиз ойлик кўрсаткичидан (427,9 миллион доллар) 16,6 фоизга кўп. Январда Хитой Ўзбекистондан 38,8 миллион доллар, февралда — 18,6 миллион, апрелда — 11,4 миллион, майда — 85 миллион, июнда — 81,1 миллион, июлда — 69,2 миллион, августда — 97,37 миллион долларга газ импорт қилган. Бунда ҳам физик ҳажмлар ошкор этилмаган.
Сентябрда ўзбек гази импорти 97,44 миллион долларни ташкил этди, бу 2023 йил сентябрига (44,9 миллион доллар) нисбатан қарийб 2,2 баробар кўп. Бу 148,5 миллион долларлик газ етказиб берилган 2022 йил октябридан бери энг юқори ойлик ҳажм ҳисобланади.
Тўққиз ойда газ қазиб олиш ҳажми 33,5 миллиард куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,68 миллиард куб метрга кам. Хусусан, ишлаб чиқаришнинг қисқариши фонида пропаннинг биржа нархлари апрелдан буён икки баробар ошди.
2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали газни реверс режимда импорт қилмоқда. Маълум қилинишича, Россиядан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистраль газ тизимини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар сармоя киритиш режалаштирилган. Лойиҳа мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолдаги мавсумий нотекисликларни қоплаш ва ушбу ёқилғини етказиб беришнинг кафолатланган манбаларини диверсификация қилиш учун қўшимча газ ҳажмларини таъминлашда муҳим деб топилди.
2030 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 62 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган (лекин сўнгги йилларда у пасаймоқда). Агар Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижани бермаса, импорт кўрсатилган йилга келиб 10−11 миллиард куб метрга етади, деди энергетика вазири.