• Чт. Ноя 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исроил–Эрон: жосуслик ўйинида кутилмаган бурилиш


Исроил хавфсизлик идоралари мамлакатда Эрон фойдасига ишлаб келган жосуслар тармоғи фош этилганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, етти нафар Исроил фуқароси икки йил давомида мамлакатдаги ҳарбий ва энергетика объектларига доир разведка маълумотларини йиғиб, Эрон махсус хизматига етказиб турган. 

Жосусликда айбланиб қўлга олинганлар (Азиз Нисанов, Александр Седиков, Вячеслав Гошин, Евгений Юфа, Игаль Нисан) асли озарбайжонлик яҳудийлар бўлиб, кейинроқ Исроил фуқаролигини олган. Вояга етмагани важидан икки гумонланувчининг исми ошкор этилмаган.

Прокурорлар жиноий гуруҳ икки йил мобайнида 600 га топшириқни бажаргани, жумладан, махфий ҳарбий объектлар, юқори мартабали мулозимлар ҳақида маълумот тўплаб, Эронга юборганини айтмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, жосуслик фаолияти билан шуғулланган Исроил фуқаролари хизмати эвазига тўловни криптовалютада қабул қилган, нақд пулни эса яҳудий давлати ҳудудига Россия фуқаролари олиб кирган.

Гумонланувчилар томонидан суратга олинган ҳарбий инфратузилма объектлари Эрон томонидан жорий йил 1 октябрь куни Исроилга йўлланган ракета зарбалари нишони бўлган.

Расмий айблов жума куни эълон қилинади. Исроил қонунчилигида «душман давлат билан ҳамкорлик» учун умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Тель-Авив расмийлари жосуслар тармоғи фаолиятини «Исроил тарихида хавфсизлик тартиб-қоидаларининг энг жиддий бузилиши» деб атамоқда.

Сўнгги ойларда Исроил Эронда разведка фаолиятини кучайтиргани, Теҳрон давлат тузилмаларига ўз айғоқчиларини киритгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Жумладан, Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Исроилга қарши курашиш мақсадида мамлакат махсус хизматлари тизимида ташкил этилган бўлинмага «Моссад» агенти бошчилик қилиб келгани ҳақида шов-шувли баёнот берди.

Франциянинг «Le Parisien» газетаси ёзишича, Исроил Эроннинг яқин иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ичига ўз жосусларини киритишга муваффақ бўлган. Исроил фойдасига ишлаб келган эронлик агент етказган маълумот асосида яҳудий давлати ҳарбийлари ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдирган.

Исроил армияси 4 октябрь куни уюштирган ҳужумда Ҳасан Насруллоҳ ўрнига ҳаракат раҳбари этиб тайинланган Ҳошим Сафиуддин ҳам ҳалок бўлди.

Бу Эрон махсус хизматлари тизимига Исроил айғоқчилари яширинча кириб олгани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди.

Икки ҳафтача аввал эса Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони, генерал Исмоил Қааний Исроилга алоқадорлик гумони билан қамоққа олинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *