Ўзбекистон ҳукумати матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни баҳолайдиган хорижий ташкилотлар ва экспертларни мамлакатга чақирган, аммо улар бу таклифларга розилик бермаган. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 19 октябрь куни АОКА директори Асаджон Ходжаев ОАВ вакилларига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 2023 йилги ўрнидан 11 поғона пастлаб, 2024 йил 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади. Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» босқичга ўтганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Асаджон Ходжаев «Dunyouzbeklari.Com» мухбирининг охирги йилларда Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги халқаро ташкилотлар рейтингида паст баҳоланаётгани, бу давлат ва жамият ривожланишида қанчалик хатарли эканлиги ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб қайтарди:
«Сўз эркинлигига хорижий ташкилотлар томонидан бундай баҳо берилишини ҳар доим ҳам объектив, деб айтолмайман. Чунки улар фақат ташқарида [туриб], чоп этилган турли материаллар орқали ўзларининг фикрини шакллантиради. Биз шундай баҳо берадиган ташкилотлар ва экспертларни Ўзбекистонга чақирганмиз. Афсуски, бизнинг таклифларимизни қабул қилишмади. Агар улар Ўзбекистонга келиб, бу ерда шу муҳитни сезиб, мутасадди идоралар ва журналистлар ҳамжамияти билан учрашиб ҳамда ўзларининг сўровномаларини кенгроқ ҳолда Ўзбекистон ичида татбиқ этиб, ўрганиш қилганида, ўйлайманки, берилган баҳолар бошқача бўларди», — деди Ходжаев.
Журналистнинг «Ўзингиз Ўзбекистондаги ҳозирги сўз ва матбуот эркинлигини қандай баҳолайсиз? Цензура кучайиб бораётгандек…», дея берган саволига Ходжаев қуйидагича жавоб берди.
«Фикрингизга қўшила олмайман, бу сизнинг билдирган шахсий фикрингиз. Бизда кетма-кетлик билан барча йўналишларда эркинлаштириш, либераллаштириш ҳамда демократия ишлари амалга ошириляпти. Шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги қонунчилик… Ўндан зиёд қонунлар қабул қилинди ҳамда бу борада ҳақорат ва туҳмат учун жазо енгиллаштирилди», — деди АОКА директори.
«Бундан ташқари, ҳозир давлат органларининг очиқлигини таъминламаслик бўйича ҳам жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, журналист фаолиятига аралашишни чеклаш бўйича тегишли қонунчиликка ўзгартишлар тайёрладик. Буларнинг ҳаммаси кўрсатяптики, сиз томонидан айтилган гаплар сиз билдирган фикр бўлиб қоляпти, лекин амалиёт сал бошқачароқ», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда блогерларнинг маълум қисмида ҳуқуқий саводхонлик етарли даражада эмас, шу сабабли ҳам АОКА хорижий ташкилотлар билан бирга тренинглар ўтказишни кўпайтиришни режалаштирган.
«Албатта, ҳозир биздаги медиа макон катта, ахборот субъектлари сони ҳам ошиб боряпти. Энг катта масала шуки, бир томондан уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлаш. Чунки ҳамма ҳам у ё бу жойда ўқиб, ахборот технологиялари ёрдамида катта аудиторияга чиқиб, тўғри ахборот бериш бўйича ўқимаган ва буни билмаган. Биз агар тегишли ҳуқуқий билимларни берадиган бўлсак, улар маълумотни тўғри, холис беришни ҳамда маълумот манбаларини текширишни ўрганишади», — деди АОКА директори.
«Афсуски, бизда кўпчилик, айниқса, блогерларнинг кўпи мана шу жиҳатларини ҳали тўлиқ ва яхши билмайди. Бу бизнинг муаммо, биз кўпроқ ўргатишимиз керак бўлади. Шунинг учун нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан биргаликда турли семинар-тренингларни ташкил қиляпмиз. Лекин булар барибир етарли эмас. Шу сабабли ҳам ЮНЕСКО ва бошқа хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида медиасаводхонлик курсларини ташкил этиб, ҳаммага ўргатиб беришимиз керак. Муаммо шуки, кўпчилик билмасдан қонунчиликни бузиб қўйиш ҳолатлари бўляпти. Шу масала бўйича биргаликда кўпроқ ҳаракат қилиб, ишлайдиган бўлсак, яхши натижаларга эришамиз», — деди Асаджон Ходжаев.
Аввалроқ Асаджон Ходжаевга кўра, ҳозирда Ахборот кодекси лойиҳасининг тўртинчи варианти устида иш олиб борилаётганини, лойиҳа 2025 йил февралида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, шундан сўнг парламентга киритилишини маълум қилганди.