• Чт. Ноя 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Маҳалла еттилиги» камбағал оилалар ва ёлғиз кексалар хонадонларига дарахт экади


Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовга октябрь-ноябрь ойларида 40 миллион туп кўчат экишнинг янги тизимини жорий этиш вазифасини топширди.

Хусусан, «маҳалла еттилиги» ҳар бир маҳаллада 30 тадан камбағал оила хонадонига 20 тупдан, 20 минг якка ёлғиз кексалар хонадонига 10 тупдан мевали дарахтлар тарқатади. Шунингдек, еттилик ўзига бириктирилган кўчаларда жами 6 миллион дона манзарали дарахт экишни ташкиллаштириши муҳимлиги қайд этилди («еттилик»нинг ҳар бир аъзосига 100 тупдан кўчат тўғри келади).

Бу жараёнга 140 мингдан ортиқ уйбоши ва кўчабошилар ҳам жалб этилиб, улар кўчалар, уйлар ва кўп қаватли бинолар атрофига 3 миллион дона мевали ва манзарали дарахт экилишини таъминлайди.

Ўрмон хўжалиги агентлигига барча маҳаллаларда ярмаркалар ташкил этиб, 30 миллион туп кўчат етказиб бериш вазифаси юклатилди. 20 мингдан зиёд таълим муассасаси ва шифохона ҳудудида 2,5 миллион туп, ёшларга ажратилган 60 минг гектар ерда 1,5 миллион туп (10 тадан) дарахт экиш мумкинлиги таъкидланди. Ҳокимликлар ва вазирликлар томонидан кузда 40 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

Президент, шунингдек, телевидение, радио, газета ва ижтимоий тармоқлар орқали маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари, жамоат арбоблари, санъаткорлар ва спортчилар иштирокида кўчат экиш бўйича тарғибот ишларини ташкил этишни топширди.

Йиғилишда мутасаддиларга 13 та халқаро автомобиль йўлларида амалга ошириб, 9 миллион туп кўчат экиш топширилди. Бунинг учун яна 2 минг километр автомобиль йўллари ёқаси дарахт экиш учун 10 минг нафар фуқаро ва тадбиркорларга бўлиб берилади. Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Қарши темир йўл линиялари бўйлаб ҳам кўчатлар экилади. Дала четларида 21 миллион туп терак, тут ва узум экилади.

Мудофаа вазирлиги 200 минг туп, ички ишлар, миллий гвардия ва фавқулодда вазиятлар тизимларининг ҳар бири 100 минг тупдан кўчат экишга масъул бўлади. Чиқинди полигонлари атрофида «яшил белбоғ» барпо этилади.

Президент мамлакат иқлимига мос кўчатларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Фанлар академияси, экология хизматлари, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги ташкилотлари, карантин тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим муассасалари, ин витро лабораториялари билан самарали ҳамкорлик қилиб, уруғлик ва кўчат етиштиришдан 2−3 баробар кўп даромад олиш мумкинлиги айтилди.

Нукус, Арнасой, Қоракўл, Муборакда кейинги йилда сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимликларидан иборат 4 та боғ барпо қилинади. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмдаги 250 минг гектар чўлда сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экилади.

Баҳорда ўрмон хўжаликларида соғлом она плантацияларни танлаш орқали йилига 1500 тонна уруғ тайёрлаш, Жанубий Корея тажрибаси асосида қурғоқчиликка чидамли, иқлим шароитига мослашган ўсимликлардан ёпиқ илдиз тизими ва ин витро усулида 2 миллион дона кўчат етиштириш йўлга қўйилади.

Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсидаги Маҳмуд Мирзаев номидаги институт ерларида йилига 10 миллион туп мевали дарахт кўчатлари етиштириш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *