Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Қозондаги BRICS саммитида Россия ва Украина ўртасидаги можаро тинч йўл билан якунланиши кераклигини маълум қилди.
“Россия ва Украина ўртасида давом этаётган можарога келсак, биз мунтазам алоқадамиз. Аввал айтиб ўтганимдек, биз муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш керак, деб ҳисоблаймиз ва тинчлик ҳамда барқарорлик эрта ўрнатилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Биз барча саъй-ҳаракатларимизда инсониятга устувор аҳамият берамиз ва келажакда ҳам ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз”, деди Моди.
Шу билан бирга Ҳиндистон бош вазири Путинга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирган.
“BRICS саммитида иштирок этиш учун шундай ажойиб шаҳар Қозонга келиш бахтига муяссар бўлганим қувонарли. Ҳиндистон бу шаҳар билан чуқур тарихий алоқаларга эга”, деди у.
Путин, ўз навбатида, Модига Қозонга қилган шахсий ташрифи учун миннатдорлик билдирган ва Россия—Ҳиндистон муносабатлари алоҳида имтиёзли стратегик шериклик характерида эканини ҳамда фаол ривожланишда давом этишини таъкидлаган.