Тошкентдаги меҳмонхонада вафот этган икки нафар россиялик, жумладан, журналист Инесса Паперная жасади 23 октябрь куни Россияга қайтарилди. Бу ҳақда бош прокуратура “РИА Новости” агентлигига хабар берди.
Меҳмонхонада номаълум модда билан заҳарланиш оқибатида россиялик журналист Инесса Паперная ва унинг ҳамроҳи вафот этган, яна бир хонадан Ўзбекистон фуқароси жасади топилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Меҳмонхонада вафот этган икки нафар россияликнинг жасадлари соат 10:00 да Тошкентдан Россияга авиарейс билан жўнатилди, дейди прокуратура вакили.
Аввалроқ База интернет нашри “Лента” нашри ва “Профил” журналида ишлаган Инесса Паперная Ўзбекистонга таътилга келгани ҳақида хабар берганди. 20 октябрь куни кечқурун Тошкентдаги Karaman Palace меҳмонхонаси ходимлари Паперная ва ҳамроҳининг жасадларини ўз хонасида ҳаёт белгиларисиз топган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлим бассейн тозалангандан сўнг меҳмонхона вентиляция тизимига тушган газдан заҳарланишдан келиб чиққан.