Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев Ўзбекистонда 5 фоизлик инфляцион таргетга 2025 йилда эмас, 2026 йилнинг иккинчи ярмида эришилиши кутилаётганига изоҳ берди. У «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасидаги сессиядан сўнг «Dunyouzbeklari.Com» мухбирининг бу ҳақидаги саволига жавоб берди.
«Нима учун инфляцион таргетга эришиш бўйича асосий сценарийдаги муддатлар кечиктирилмоқда? Марказий банк ишлаб чиққан асосий сценарий эмас, альтернатив сценарий юз бераётганининг сабаби нимада? Энергетика тарифлари ўзгариши асосий сценарийда ҳам ҳисобга олинган эди-ку?» Мазкур саволга Беҳзод Ҳамраев қуйидагича жавоб берди.
«Бу сценарийларда ҳисобга олинган омиллар билан амалда юз берган вазиятнинг фарқи бор. Биринчидан, тарифлар либерализацияси икки босқичда амалга ошириляпти, бир мартада ўтиб кетгани йўқ. Шунингдек, яна бошқа ўзига хос хусусиятлари бор», — дея таъкидлади регулятор раҳбари ўринбосари.
Маълумот ўрнида, инфляцион таргетлаш — давлат органлари мамлакатда инфляция даражасини назорат қилиш мақсадида амалга оширадиган монетар чоралар мажмуи ҳисобланади. Бунинг учун ўрта муддатли макроиқтисодий прогноз белгиланиши, кейин эса прогноздан четга чиқиш кузатилганида иқтисодиётдаги оптимал ҳолатга қайтиш имконини берувчи чора-тадбирлар мажмуи аниқлаб олиниши лозим.
Беҳзод Ҳамраев, шунингдек, инфляцион таргетга эришишда энг катта хатар нима экани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Аввалига биз таргетга 2023 йил етмоқчи эдик. Лекин ковид пандемияси ва ундан кейин юзага келган геосиёсий вазият туфайли таргетга эришиш вақтини 2025 йилгача кечиктирдик. Кейинги ҳафта ўзимизнинг ҳисоб-китобларимизни эълон қиламиз. Таргетга эришиш вақти 2026 йилгача кечикиши мумкин. Чунки олдимизда нархларни либераллаштиришнинг иккинчи босқичи турибди. Бу келаси йилнинг апрель ойида амалга оширилиши лозим», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, бу масалада катта рисклар мавжуд эмас. Чунки фискал консолидация (давлат бюджети тақчиллигини камайтиришга қаратилган муайян чора-тадбирлар назарда тутилмоқда) масаласи кун тартибида турибди.
«Бюджет тақчиллиги бу йил ЯИМга нисбатан 4 фоизгача, келаси йил 3 ва яқин келажакда 2,5−2 фоизгача пасайтирилиши лозим. Қатъий бюджет сиёсати билан параллель равишда биз ҳам қатъий чоралар кўришда давом этамиз. Бу сафарги йиғилишда биз уч йиллик монетар сиёсат бўйича асосий йўналишларимизни эълон қилишимиз керак, бу 31 октябрь куни тайёр бўлади», — деди Беҳзод Ҳамраев.
Марказий банк раиси ўринбосарининг айтишича, инфляцион хатарлар ҳар доим мавжуд бўлган ва улар олдиндан кутилган фундаментал хатарлар ёки вақтинчалик хатарлар бўлиши мумкин.
«Мисол учун, бу таклиф томонидаги узилишлар, бу йил июль ойида гўштнинг улгуржи нархлари ошиши ва август ойида бунинг акс этиши билан боғлиқ содир бўлган ҳолат кабилар бўлиши мумкин. Ёки ўзларинг бир неча бор муҳокама қилган ёқилғи нархлари, пропан-бутан, метан нархлари ошиши каби ҳолатлар ҳам бунга мисол бўла олади. Булар вақтинчалик ва барибир қачондир таклиф томондан бу масала ечилади. Бир бозорда камайиб қолса, бошқа бозордан кириб келади», — деди у.
Беҳзод Ҳамраев фундаментал омиллар масаласи ечиб борилаётгани муҳимроқ эканини қайд этди.
«Масалан, бюджет дефицити бўйича бу йил 4 фоизлик, келаси йилдан эса ЯИМга нисбатан 3 фоизлик чегарагача пасайиш кутиляпти. Ёки имтиёзли кредитларнинг камайиши, буёғига тўлиқ бозор шартларига ўтилаётгани ҳам мисол бўла олади. Фундаментал омиллар масаласи ечилиб бораётгани муҳим. Вақтинчалик омиллар доим мавжуд бўлади, бири чиқиб, ҳал қилиниб, кейин иккинчиси чиқиб, шу тариқа давом этаверади», — деди у.
Инфляцион таргет тарихи
2017 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Бу ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида пул-кредит сиёсатининг амалдаги воситаларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида сўз боради.
Қарор билан Марказий банкнинг ички нархларнинг барқарорлигини таъминлашда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш принцип ва механизмларини хорижий марказий банклар томонидан қўлланадиган инфляциявий таргетлаш режимига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганди.
2019 йил 18 ноябрда имзоланган президент фармонида Марказий банк инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаши назарда тутилган.
2022 йилга келиб 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш бўйича белгиланган муддат биринчи марта кейинроққа — 2023 йилдан 2024 йилга сурилди. 2021 йилнинг якунига кўра инфляция даражаси 9,98 фоизгача пасайганди, бироқ геосиёсий вазият (Россиянинг Украинага бостириб кириши), дунёдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг тенденциялари, таъминот занжиридаги муаммолар ва логистикадаги узилишлар 2023 йилда ҳам юқори инфляцион рисклар ва ноаниқликлар сақланиб қолишини кўрсатаётгани қайд этилганди.
2023 йил октябрида регулятор ташқи савдо ҳамкорларидаги иқтисодий вазият, хомашё ва молия бозорларида келгусида ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолишини, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш суръатларини инобатга олиб 2 та сценарий асосида кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишларини ишлаб чиққанди. Унга кўра, 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш даври асосий сценарий бўйича 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши кутилаётгани эълон қилинган, яъни таргетга эришиш муддати иккинчи марта ортга сурилганди.
Ўшанда регулятор муқобил сценарий бўйича таргетга эришиш муддати 2026 йил якунига ҳам тўғри келиши мумкинлигини қайд этган.
2024 йил 17 октябрь куни иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов 2025 йилда инфляцияни 7 фоиз даражасида ушлаб туриш, 2026 йилда эса 5−6 фоизгача, 2027 йилдан эса 5 фоизгача ёки ундан пастроқ даражагача тушириш мақсад қилинганини маълум қилди. Яъни инфляцион таргетга эришиш муддати амалда учинчи марта кейинроққа сурилди.
Энерготарифлар либерализацияси ва уларнинг инфляцияга таъсири
5 фоизлик инфляцион таргетдан ташқари бир неча бор кечиктирилган ва таргетга бевосита таъсир қиладиган яна бир кўрсаткич Ўзбекистонда энерготарифларнинг оширилиши ҳисобланади.
Мамлакатда 2023 йил 1 октябрдан бизнес учун, 2024 йил 1 майдан эса аҳоли учун ҳам энерготарифлар нархлари оширилганди. Бунгача эса тарифлар сўнгги бор 2019 йил август ойида оширилган. Шундан сўнг расмийлар тарифларни оширишни бир неча марта кейинга қолдирган.
2023 йил август ойида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев Ўзбекистонда электр энергияси, газ ва сув нархларининг либераллаштирилиши ва унинг нархлар ўсишига таъсири 2023 йил учун инфляция прогнозида назарда тутилганини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йил охиригача инфляция 8,5−9,5 фоиз коридорда шаклланиши бўйича прогнозда электр энергияси ва газ нархининг 20−25 фоизгача ошиши ҳисобга олинган.
Кейинчалик эса янги тарифлар натижасида ойига 200 кВт/соатгача электр энергиясидан фойдаланувчилар харажатлари 1,5 баробар, 300 кВт/соатгача истеъмол қилувчи абонентлар учун 2 баравар, 500 кВт/соатгача бўлган абонентлар учун эса 2,5 баравар ошди.
Газга келадиган бўлсак, иситиш мавсумидан ташқарида истеъмоли 100 куб метргача бўлган абонентлар учун ойлик харажат 71 фоизга, 200 куб метргача бўлган истеъмол учун эса 2,8 баравар ошди. Иситиш даврида 500 куб метргача газ истеъмол қилган абонентлар учун тарифлар оширилгандан кейин харажатлар 71 фоизга, 1000 куб метргача истеъмол қиладиганлар учун эса 2,8 баравар кўпайди.
Юқорида Беҳзод Ҳамраев таъкидлаганидек, тарифларни ошириш бирданига эмас, икки босқичда амалга оширилмоқда. 2025 йил 1 апрелидан тарифлар яна бир марта оширилиши кутилмоқда. Марказий банк ишлаб чиққан асосий сценарийда тарифларнинг икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилмаган бўлиши мумкин.