Олий Мажлис Сенати 23 октябрдаги йиғилишида ер қонунчилигида назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади, деб хабар берди «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.
Тушунтириш хатида ушбу тоифадаги жиноятлар учун жазо енгил экани, шунинг учун ҳам уларнинг сони йил сайин ортиб бораётгани қайд этилган.
Хусусан, таҳлилларга кўра, Жиноят кодексининг 229−1-моддаси (Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш) билан 2021 йилда 51 та, 2022 йилда 253 та, 2023 йилда эса 625 та жиноят иши қўзғатилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, суғориладиган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва уларда қурилиш ишларини олиб бориш учун жавобгарлик белгиланган. Шу билан бирга, суғориладиган ерлардан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланувчи томонидан қурилиш ҳолатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси (Ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш) билан квалификация қилинади.
Бироқ иккала ҳолатда ҳам суғориладиган ер қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетади.
Жиноят кодексининг 229−4-моддаси (Ер бериш тартибини бузиш) билан 2020 йилда 2 та, 2021 йилда 42 та, 2022 йилда 92 та, 2023 йилда 49 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, ушбу турдаги жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилади. Масалан, ер аукцион талабларига зид равишда туман ҳокимининг қарори асосида ажратилганда далолатнома бевосита ер комиссияси аъзолари томонидан имзоланади.
Тушунтириш хатида қайд этилишича, бугунги кунда АҚШда киши бошига қишлоқ хўжалиги фойдаланувидаги ер майдони 0,60 гектар, Ғарбий Европада 0,25 гектар, Осиёда 0,13 гектар, Жанубий Америкада 0,35 гектар ва Африкада 0,22 гектарга тўғри келади. Ўзбекистонда эса бир кишига 0,06 гектар ҳайдаладиган ер тўғри келади.
Хитойда Жиноят кодексининг 342-моддасида экин майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, ердан рухсатсиз фойдаланганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва қўшимча жазо сифатида жарима кўзда тутилган.
«Ер ресурслари қайта тикланмайди. Одатда фуқаро ерни бир марта эгаллаб, бир марта қуради ва иккинчи марта жиноят содир этади. Қурилишдан сўнг бу қоидабузарлик оқибатларини бартараф этиш ва ерни асл ҳолига келтириш давлат ва жамият учун қимматга тушади», — дейилади қонун асословида.
Бундан ташқари, статистик маълумотларга кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари 10 баравар ошган: 2021 йилда — 629 та, 2022 йилда — 3629 та, 2023 йилда — 6232 та. Ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш бўйича 2022 йилда 311 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган, 2022 йилда — 2403 та, 2023 йилда — 6046 та.
Шу муносабат билан эндиликда Жиноят кодексининг 229−1-моддаси 1-қисми (Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилгача (ҳозир — 1 йилгача) озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ҳозир — 1 йилгача) билан жазоланади.
Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш (ЖКнинг 229−1-моддаси 2-қисми) БҲМнинг 450 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ҳозир — 2 йилдан 3 йилгача).
Шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган ер бериш тартибини бузиш (ЖКнинг 229−4-моддаси 1-қисми) БҲМнинг 150 дан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилган ҳолда 1 йилдан 5 йилгача (ҳозир — 3 йилгача) озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача (ҳозир — 3 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Иккинчи қисм янги «в» банди билан тўлдирилди (худди шу ҳаракат бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса), у БҲМнинг 300 дан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш орқали (3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш бундан мустасно) 5 йилдан 7 йилгача (ҳозир — 3 йилдан 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш (МТЖКнинг 60-моддаси) фуқароларга БҲМнинг 30 (ҳозир — 25) баравари миқдорида жарима солишни назарда тутади, мансабдор шахслар учун эса — 70 (50) баравар.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш (МТЖКнинг 60-моддаси 2-қисми) фуқароларга БҲМнинг 200 баравари, мансабдорларга эса 400 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (ҳозир — 150 ва 300 БҲМ) .
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун энди рухсатсиз эгаллаш жиноятларини тергов қилиш прокуратура ваколатига киришини ҳам назарда тутади. Судлар бундай ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқади.