Украинанинг НАТОга зудлик билан таклиф этилишига иттифоқнинг еттита мамлакати қарши. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Улар орасида АҚШ ва Германия бор. Аввалроқ ушбу мамлакатларнинг расмий шахслари, жумладан, Германия канцлери Олаф Шольц бунга қарши эканини очиқ эълон қилганди. Иттифоқнинг асосий аъзолари Россия билан урушга аралашиб қолишдан хавотирда.

Шунингдек, Венгрия ва Словакия ҳам Украинани таклиф қилишни истагани йўқ, уларнинг ҳозирги раҳбарияти Россияга нисбатан Ғарб мамлакатлари орасида энг содиқ позицияга эга бўлиб турибди.

Киевнинг таклифига қарши бўлган яна учта давлат — Бельгия, Словения ва Испания. Politico манбасига кўра, бу мамлакатлар ҳозирча «сояда» турибди, аммо ғоя тарғиб қилинса, улар ўз позицияларини очиқлашга тайёр.

Уруш тугашидан олдин Украинанинг НАТОга расман таклиф қилиниши Владимир Зеленскийнинг «ғалаба режаси»нинг биринчи бандидир. Украина президенти иттифоққа қўшилишнинг ўзи жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин содир бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Франциянинг Le Monde газетаси 19 октябрь куни эълон қилган мақоласида АҚШнинг альянсга расмий таклиф этишга нисбатан принципиал эътирозлари қолмагани ҳақида маълумот берилганди. Нашр манбаларининг таъкидлашича, агар сайловларда Демократик партиядаги ҳамкори Камала Ҳаррис ғалаба қозонса, президент Жо Байден ўтиш даврида шу йўналишда ҳаракат қилишни бошлаши мумкин.

  • Украина Россиянинг кенг миқёсли босқинидан кейин 2022 йилда НАТО ва ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Вашингтонда ўтказилган НАТОнинг сўнгги юбилей саммитида иштирокчи давлатлар якуний декларацияда Украина Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ортга қайтмас йўлдан бораётганини таъкидлади, бироқ Киев таклиф олмади. Хусусан, Украинанинг қўшилишига қарши бўлган АҚШ ва Германия Россия билан зиддият кучайишидан хавфсираган.