• Чт. Дек 12th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Юртимиз тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшишга ҳаракат қилдик». Сенатнинг тўртинчи чақириғи ўзининг сўнгги мажлисини ўтказди



24 октябрь куни Сенатнинг тўртинчи чақириғи ўзининг сўнгги, эллик тўққизинчи ялпи мажлисини ўтказди. Мажлисда юқори палата раиси Танзила Нарбаева ўтган 5 йилдаги фаолиятни сарҳисоб қилиб, уларга билдирилган ишонч учун Ўзбекистон халқига ва президентга миннатдорчилик билдирди.

Танзила Нарбаева, шунингдек, Сенат номидан ҳамкорлик учун ҳукумат вакилларига, ОАВга экспертлар ва олимларга ҳам миннатдорчилик билдирди.

«Ўзгаришларга, ислоҳотларга муносиб равишда Парламентнинг юқори палатаси масъулият билан, профессионаллик билан, тезкорлик билан ўз фаолиятини олиб борди. Юртимиз тараққиётига ўзимизнинг озми-кўпми ҳиссамизни қўшишга, халқ вакиллари сифатида уларнинг қувончига шерик, дард-у ташвишларига малҳам бўлишга ҳаракат қилдик», — дея таъкидлади Сенат раиси нутқи бошида.

Танзила Нарбаева парламентнинг юқори палатаси ўтган беш йилдаги фаолиятида, бутун саъй-ҳаракатларини имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, Конституцияда белгилаб қўйилган ваколатлардан келиб чиқадиган вазифаларни имкон қадар тўлақонли бажариш ва юқори натижадорликка эришишга қаратганини қайд этди.

«Бугун давлат ва жамият аҳамиятига молик бирор бир масала қолмадики, Сенат шуғулланмаган бўлса. Мамлакатимизни стратегик ривожлантиришнинг концептуал асосларидан тортиб, ҳудудларда яшаётган аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган энг долзарб масалалар доимий диққат-эътиборимиз марказида бўлди», — деди у.

Қонунчилик фаолияти бўйича

Танзила Нарбаеванинг қайд этишича, Сенатнинг 2015−2019 йилларда қонунлар ва бошқа масалалар муҳокамасига бағишланган 25 та ялпи мажлиси ўтказилган. Уларда 494 та масала, шундан 226 та қонун кўрилган. 2020−2024 йиллар давомида эса 59 та ялпи мажлисда 700 дан ортиқ масала, жумладан, 440 га яқин қонун муҳокамага олиб чиқилган.

2020−2024 йиллар оралиғида 20 та қонун ва улардаги айрим нормалар инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳудудлар манфаатларини ўзида тўлиқ ифода этмаганлиги, умуман олганда, уларни янада такомиллаштириш зарур бўлганлиги сабаб рад этилган.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқи берилган. Сенат раисининг айтишича, маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда аҳолининг қонуний талабларини ўрганиш ва тегишли қонунчилик таклифларини шакллантириш бўйича ишлар натижасида 50 дан ортиқ қонунлар бўйича тўлиқ асослантирилган таклифлар ҳукуматга тақдим этилган.

Шунингдек, тўртинчи чақириқнинг фаолият муддати давомида қонун ижодкорлиги сифатини ошириш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда уларни коррупцияга қарши ва гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш амалиёти жорий этилган.

Танзила Нарбаева Сенат ўтган йиллар давомида ўзининг фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган тарзда ташкил этганини ҳам қўшимча қилди. Бунга мисол сифатида у ялпи мажлислар интернет орқали тўғридан тўғри эфирга узатилгани, қўмиталар томонидан ўтказилаётган тадбирлар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилганини келтирди.

«Бу эса аҳолининг Сенат фаолияти билан тўлиқроқ танишиш, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ёки долзарб масалалар тўғрисида кенгроқ тушунчага эга бўлиш имкониятини янада кенгайтирди», — деди у.

Назорат-таҳлил фаолияти

Танзила Нарбаева Сенат ўтган йиллар давомида бу йўналишда ишларни ташкил этишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг бажарилишига асосий эътиборини қаратганини таъкидлади. Унинг айтишича, сенаторлар асосан президент топшириқлари бўйича жойлардаги ижро ҳолати назоратини зиммасига олган.

Ўтган 5 йил давомида сенаторлар ва Сенат девонининг тегишли мутахассислари маълум бир ҳудудда ушбу дастурлар ижроси ҳолатини чуқур ўрганиб, белгиланган вазифаларнинг бажарилмай қолишига сабаб бўлган омилларни аниқлаган. Ўз навбатида, уларнинг ижросини таъминлашга бағишланган Сенат Кенгашининг сайёр мажлисларида масъул вазирлик, идоралар вакиллари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида ҳар бир вилоятда алоҳида муҳокамалар ташкил этилган.

Ҳар бир туман (шаҳар) бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашга қаратилган алоҳида «йўл харита»лари ишлаб чиқилган. Уларда белгиланган вазифалар ижроси устидан доимий мониторинг олиб борилган.

Танзила Нарбаева Сенат бу борада юқорида санаб ўтилган ишлардан ташқари яна бир жиҳатга, яъни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган камчилик ва муаммоларга ўз вақтида муносабат билдиришга ва уларнинг тегишли ижро ҳокимиятлари томонидан ҳал этилишини таъминлашга жиддий эътибор қаратганини таъкидлади.

«Натижада ҳудудлардаги, нафақат ҳудудлар, балки оддий одамларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ кўплаб жиддий масалалар ўз ечимини топди. Фурсатдан фойдаланиб, очиқ минбар сифатида одамларни қийнаб келаётган муаммоларни дадил, холис ва ҳаққоний тарзда юзага чиқариб келаётган оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда фаол блогерларга ўз миннатдорлигимни билдираман», — деди у.

Сенат раиси, шунингдек, давлат бюджетини шакллантиришда ҳудудлар манфаатларининг ифода этилиши, унинг аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ҳал қилишга йўналтирилганлигини таъминлашда ҳам Сенат фаол иштирок этгани қайд этди.

2020 йилдан бошлаб ҳар йили Сенатнинг ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги 5 мингдан зиёд муаммоли масалани ҳал қилишга умумий ҳисобда 10 трлн сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланган (2021 йилги бюджетга 8 трлн сўм; 2022 йилги бюджетга 1,1 трлн сўм; 2023 йилги бюджетга 1,2 трлн сўм; 2024 йилги бюджетга 1,0 трлн сўм).

«Бир сўз билан айтганда, Сенат — ҳудудлар манфаатини фаол илгари сурувчи ва ҳимоя қилувчи қонунчилик институти сифатида ўзини намоён этди», — деди Танзила Нарбаева.

Маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлик

Танзила Нарбаева ўз нутқида Сенат ўтган 5 йил давомида маҳаллий Кенгашлар таркибий тузилмасини такомиллаштириш, фаолиятига доир ички норматив ҳужжатларини янгилаш борасида бир қатор ишларни амалга оширганини ҳам қайд этиб ўтди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли, мақсадли ва комплекс ёндашув асосида йўлга қўйиш, уларни жараёнга фаол жалб этиш мақсадида Сенатда Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази, шунингдек, маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилган. Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялар эса Сенат қўмиталари йўналишига мос тарзда қайта ташкил этилган.

Парламентлараро халқаро ҳамкорлик

Танзила Нарбаева парламент ўтган давр мобайнида миллий манфаатларни ва ташаббусларни халқаро миқёсда фаол илгари суриш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш йўлидан борганини таъкидлади.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламентлараро Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси билан алоқалар кенгайтирилган.

Халқаро муносабатларда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Сенатда 27 та парламентлараро дўстлик гуруҳлари ва комиссиялар фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган даврда Ўзбекистонда «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хотин-қизлар форуми», «Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити», Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессияси ва қатор халқаро конференциялар ташкил этилди.

Шунингдек, «Осиё хотин-қизлари форуми» бўлиб ўтди. Форум якунида Самарқанд декларацияси асосида БМТ Бош Ассамблеясининг «Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида»ги резолюцияси лойиҳаси қабул қилиш учун тақдим этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони таклифига кўра, Парламентлараро Иттифоқ ўзининг 150-юбилей Ассамблеясини 2025 йилда (5−9 апрель) мамлакатда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

«2022 йилда президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми йўлга қўйилгандан сўнг парламент раҳбарлари, аъзолари ўртасидаги мулоқотлар мунтазам тус олиб, ўзаро ташрифлар сезиларли даражада фаоллашди», — деди Сенат раиси.

Сенат масъуллигидаги миллий комиссия ва кенгашлар фаолияти

Президент Шавкат Мирзиёев янги шаклланган Сенат таркибининг биринчи мажлисида Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича миллий индикаторларга эришилиши устидан парламент назоратини самарали йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

Танзила Нарбаева мана шу заруриятдан келиб чиққан ҳолда, миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича ишларнинг ҳолатини ўрганиш, бу борадаги қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тизимли мониторинг қилиш бўйича Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилганини қайд этди.

Ўтган даврда парламент комиссияси томонидан 16 та миллий мақсад, 126 та вазифа ва 190 та индикатор доирасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ўрганилиб, мавжуд ҳолат йилнинг ҳар чорагида муҳокама қилиб борилган. Комиссия мажлисларида 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилган ва бу борадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Сенат раиси Гендер тенгликни таъминлаш ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда шу йўналишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлар натижаси ўлароқ мамлакатда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш бўйича стратегия қабул қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, у мамлакатда яратилаётган янги иш ўринлари одам савдоси ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш билан боғлиқ энг ўткир муаммоларни бартараф этишга ҳам хизмат қилаётганини қайд этди. Танзила Нарбаеванинг айтишича, бу йўналишда тузилган комиссия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси барча меҳнат жамоаларида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, аниқланаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилишига эришиб келмоқда.

«Шу ўринда Ўзбекистоннинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилиб, мамлакатимиз тарихда биринчи марта Халқаро Меҳнат Ташкилоти Маъмурий кенгаши таркибига қабул қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим», — деди у.

Сенат раиси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тегишли агентлик билан ҳамкорликда коррупциянинг олдини олиш, унга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва омилларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чораларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган жараёнларда фаол иштирок этиб келаётганини таъкидлади.

Жумладан, ўтган 5 йилда коррупция ҳолатлари энг кўп учрайдиган соҳалар ўрганилган ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш, давлат харидлари ва банк соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари эълон қилиниб, «йўл харита»лари тасдиқланган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ҳамда очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Рейтинг баҳолаш ва Очиқлик индекси жорий этилган.

Танзила Нарбаева олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида «Transparency International» ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон сўнгги 6 йилда 36 поғонага юқорилаганини таъкидлади.

Сенат раиси мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўринларини кўтариш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида ҳам гапириб ўтди. Бу йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида президент фармони билан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилган.

Ўтган беш йилда мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига таъсир қилувчи 20 дан ортиқ стратегия, 5 та кодекс, 35 та қонун, 4 та концепция ва 60 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қабул қилинган.

«Олиб борилган ислоҳотлар натижасида кейинги беш йилда мамлакатимиз Ҳуқуқ устуворлиги индексида 16, Коррупцияни қабул қилиш индексида 32, Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 18, Иқтисодий эркинлик индексида 31, Логистика самарадорлиги ҳамда Глобал инновация индексларида 11 поғонага юқорилади», — деди Танзила Нарбаева.

Ёшлар парламенти фаолияти

Ўзбекистонда 2020 йилда президент ташаббуси билан Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилганди.

«Ўтган беш йил давомида улар Сенат фаолиятининг барча йўналишларига доир жараёнларда биз билан ёнма-ён туриб тажриба орттирди. Айниқса, қонунчилик, назорат-таҳлил ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида Ёшлар парламенти аъзолари фаол иштирок этди», — деди Танзила Нарбаева.

Сенат раиси нутқи сўнггида юқорида 2020−2024 йиллар давомида Сенат фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эришилган натижалари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтилганини айтди.

«Президентимизнинг катта ишончи, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлагани ҳамда ҳукуматимизнинг биз билан яқиндан ҳамкорлиги фаолиятимиз натижадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Қадрли дўстлар! Биз бугун мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган катта бир сиёсий тадбир арафасида турибмиз. Шу ҳафтанинг сўнгида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Мен халқимизнинг ишончига сазовор бўлиб, мана шундай катта масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига оладиган бўлажак депутат ва сенаторларимиз ишига катта муваффақиятлар тилайман! Эътиборингиз учун раҳмат!», — деди Танзила Нарбаева.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *