Сирдарё вилоятидаги кластер корхона томонидан манипуляция ҳаракатлари содир этилгани аниқланди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Ўрганишларга кўра, Сирдарё вилоятидаги White Gold Klaster МЧЖ 2023 йил ҳосилдан олинган 90 миллиард сўмдан ортиқ 5 153,35 тонна пахта толаси ҳамда 3 миллиард сўмдан ортиқ 1 114,24 тонна техник чигит маҳсулотларини биржа савдоларига қўймаган. Аксинча, корхона уларни тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотган.
Бу эса Вазирлар Маҳкамасининг биржа савдоларида юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомига зид.
Ҳолат юзасидан кластер корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланди, дейилади хабарда.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.