• Вс. Апр 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кимга, қаерда, қандай овоз берилади ва бу нима учун муҳим? – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com


Ўзбекистонда 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайлови бўлиб ўтади. Бу, 2021 йилги президент сайлови, шунингдек, 2023 йили бўлиб ўтган Конституция масаласидаги референдум ҳамда муддатидан аввалги президент сайловидан сўнг, сўнгги тўрт йилда юз бераётган тўртинчи йирик сиёсий воқеадир. Сайловлар биринчи марта янги сайлов тизими асосида ўтказилади. «Dunyouzbeklari.Com» жорий сайловлар бўйича йўриқномани эътиборингизга ҳавола қилади.

Парламент, кенгаш дегани нима ва уларнинг нима кераги бор?

Ўзбекистон парламенти ёки, бошқача айтганда, Олий Мажлис — мамлакатдаги олий давлат вакиллик органидир. Парламентнинг асосий вазифаларидан бири — мамлакат ва фуқаролар ҳаётини тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва қабул қилишдир.

Парламент ижро ҳокимияти — ҳукуматнинг фаолиятини назорат қилади, мамлакат бюджетини тасдиқлайди ва унинг ижросини кузатиб боради. Зарурат туғилганида ҳукуматга ёки унинг алоҳида аъзоларига ишончсизлик билдириши мумкин.

Парламент ҳар йили соғлиқни сақлаш, инфратузилмалар ва бошқа шу каби хилма-хил соҳаларни молиялаштириш учун давлат ресурсларини тақсимлаб, мамлакат бюджетини муҳокам қилиб, тасдиқлайди.

Парламент Марказий банк раиси, Конституциявий ва Олий суд судьялари ва бошқа юқори мартабали шахсларни, шунингдек, бош вазир ва вазирларни лавозимга тайинлаш жараёнларида қатнашади.

Халқ депутатлари кенгашлари — бу вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги маҳаллий вакиллик органидир. Кенгаш депутатлари тегишли ҳудуд аҳолиси томонидан сайланади. Ҳар бир кенгаш ўз ҳудудига алоқадор масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланади ва ҳудуд ҳаётини бошқариш борасида маълум бир ваколатларга эга бўлади.

Кенгашлар маҳаллий бюджетларни тасдиқлайди ва уларнинг ижросини кузатиб боради. Улар маҳаллий дастур ва лойиҳалар учун молиявий ресурсларни тақсимлаб беради.

Маҳаллий депутатлар ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт каби туман, шаҳар ва вилоят ҳаётига дахлдор шу ва шу каби масалалар билан шуғулланади.

Кенгашлар қонунлар қандай ижро этилаётгани ва қарорлар қандай қабул қилинаётганини кузатиб, ҳокимлар (вилоятлар, шаҳарлар ва туманлардаги ижро ҳокимияти раҳбари)нинг фаоляитини назорат қилиб бориши керак.

Айрим ҳолларда кенгашлар маҳаллий бошқарув ихтиёрида бўлган ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш жараёнларида ҳам қатнашиши мумкин.

Парламент қандай бўлади? Ўзбекистонда қандай?

Парламентлар бир ва икки палатали бўлиши мумкин. Ўзбекистонда парламент икки палатали, у Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенат (юқори палата)дан иборат.

Қонунчилик палатасида 150 депутатдан иборат. Қонунчилик палатаси депутатларининг ваколат муддати беш йил.

Сенат 65 аъзодан иборат, уларнинг 56 нафари сайланади ва 9 нафари президент томонидан тайёрланади. Аввал уларнинг сони 100 нафар эди, шундан 16 нафари давлат раҳбари томонидан тайинланарди.

Қорақалпоғистон, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳридан 4 нафардан сенатор сайланади. Бу маҳаллий кенгаш (Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари) депутатларининг қўшма мажлисларида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

Сенатор этиб сайланиш учун номзод ушбу мажлисларда қатнашаётган депутатларнинг 50 фоиз овозини қўлга киритиши керак.

Ўзбекистон президенти фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан 9 кишини сенатор этиб тайинлайди.

Бир ва икки палатали парламент ўртасида қандай фарқ бор?

Бир палатали парламентда барча қарорлар бир гуруҳ депутатлар томонидан қабул қилинади. Икки палаталида эса қонун лойиҳалари икки палатадан ўтади, бу эса, назарий жиҳатдан, қонунчилик ташаббусларини чуқурроқ кўриб чиқиш ҳамда кўпроқ фикрларни инобатга олиш имконини беради.

Парламент депутатларининг ваколатлари сенаторларникидан нимаси билан фарқ қилади?

Қонунчилик палатаси депутатлари қонунларни ишлаб чиқиб, қабул қилади, сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек, ижро ҳокимиятининг ишини назорат қилади.

Сенаторлар эса депутатлар томонидан таклиф қилинган қонунларни маъқуллайди ёки рад этади ва ҳудудларнинг манфаатларини мамлакат миқёсида ҳимоя қилади.

Фуқаролар бўлажак сайловда қандай депутатларни сайлайди?

Бўлажак сайловда Ўзбекистон фуқаролари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар учун ҳам, маҳаллий (вилоят, шаҳар ва туман) кенгаш депутатлигига номзодлар учун ҳам овоз беради.

Қонунчилик палатаси депутатлари бутун мамлакатга дахлдор қонунларни қабул қилади. Кенгашларнинг депутатлари эса қурилиш, ободонлаштириш, ҳудудий бюджет ва шу каби маҳаллий масалаларни ҳал қилади.

Сайловда қайси сиёсий партиялар қатнашади?

Қонунчилик палатасига сайловларда мамлакатда рўйхатга олинган бешта партия қатнашади. Булар:

  • Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП);
  • «Миллий тикланиш» демократик партияси;
  • Ўзбекистон Экологик партияси;
  • Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎзХДП);
  • «Адолат» социал-демократик партияси.

Ким депутат бўлишга ҳақли?

Сайлов кодекси билан белгиланган талабларга мувофиқ келган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси депутатликка номзод бўлиши мумкин.

Қонунчилик палатасига 25 ёшдан катта (маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун — 21 ёшдан катта) ва Ўзбекистон ҳудудида камида охирги 5 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролар сайланиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайди:

  • содир этилган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
  • сайлов кунига қадар сўнгги 5 йил мобайнида Ўзбекистонда муқим яшамаган фуқаролар;
  • Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия,я Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
  • диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.

Фуқаро номзодлар ва сайловлар ҳақида биринчи галда нималарни билиши керак?

Фуқаролар номзодлар ва партияларнинг дастурларини ўрганиб чиқиши, улар қайси муаммоларга ечим топмоқчи ва сайловчиларнинг манфаатларини қандай ҳал қилмоқчи эканини тушуниб олиши муҳим.

E-saylov сайтида барча номзодлар рўйхати билан танишиш мумкин.

Бунинг учун «Депутатликка номзодлар рўйхати» бўлимини танлаш, сўнг «Номзодлар рўйхатини кўриш» ҳаволасини босиш керак. Шундан кейин фильтрни созлаш керак:

Сайлов тури:

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов;
  • Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов;
  • Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар.

«Қонунчилик палатасига сайлов» танланганида сайлов тизимини — «Сайлов округлари бўйича номзодлар» ёки «Партия рўйхати бўйича номзодлар»ни ҳам танлаш керак бўлади.

Кейин партиялардан бирини танлаш керак, шундан сўнг тегишли партиядан барча номзодлар рўйхати чиқиб келади. Номзодларни сайтнинг юқори ўнг бурчагидаги қидирув шакли («Номзодларни қидириш») орқали ҳам топиш мумкин.

Қонунчилик палатасига сайловда қатнашаётган алоҳида номзод танлаб, исмининг устига босилса, унинг таржимаи ҳоли ва дастурининг бир қисми чиқиб келади. Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий кенгаш депутатлигига номзодларда фақат исми-шарифи, сурати ҳамда туғилган санаси ва жойи кўрсатилган.

Партиялар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва ўз сайтларида ҳам Қонунчилик палатасига номзодлар ҳақида ахборотларни эълон қилиб боряпти.

«Dunyouzbeklari.Com» маҳаллий кенгашларга номзодлар ҳақидаги ахборотлар масаласида бир неча партияга мурожаат қилди. Улардан бири номзодлар ҳақида кўчалардаги баннерлар орқали маълумот олиш мумкинлигини айтган бўлса, бошқа бир партия вакиллари кенгашларга номзодлар рўйхатини сайтга чиқариш имкониятини кўриб чиқишларини билдирди.

Партияларнинг дастурлари ва уларнинг платформалари

Сайловолди ташвиқоти даврида аксарият номзодлар ўз партияларининг дастурларига қараб мўлжал олади, баъзида ўз ташаббусларига туман ёки мамлакат ҳаётига дахлдор масалаларни ҳам киритади.

Партияларнинг дастурлари:

«Dunyouzbeklari.Com» партия раҳбарлари ўртасидаги дебатлардан иқтибосларни, шунингдек, партияларнинг дастурлари бир-биридан қандай фарқ қилиши ҳақида материалларни эълон қилган эди.

Янги сайлов тизими аввалгисидан нимаси билан фарқ қилади?

Шу вақтгача Қонунчилик палатасига сайловлар аниқ бир депутатга овоз беришни кўзда тутувчи мажоритар тизим асосида ўтказиларди. Яъни, овозларнинг ярмидан кўпини қўлга киритган номзод сайлов ғолиби деб топиларди.

Бу йил парламент сайлови тарихда биринчи марта мажоритар ва пропорционал усулларни ўзида жипслаштирган аралаш тизимда ўтказилади. Сайловчилар аниқ бир номзодга овоз берадишган мажоритар тизимдан фарқли ўлароқ, пропорционал тизимда фуқаролар сиёсий партияларга овоз беради. Ҳар бир партия ўз номзодларининг партиявий рўйхатини шакллантиради ва, сайловлар якунига кўра, қайси партия кўпроқ овоз олган бўлса, ўшанинг номзодлари парламентга ўтади.

Парламентдаги мандатлар ҳар бир томонидан қўлга киритилган овозлар сонига пропорционал тарзда тақсимланади. Яъни, партия қанча кўп овоз олган бўлса, Қонунчилик палатасидан шунча кўп курсини эгаллайди.

Шу тариқа, бу сафарги сайловда 75 депутат бир мандатли округларда мажоритар тизим асосида, қолган 75 депутат эса партия рўйхатлари асосида пропорционал тизим асосида сайланади.

Мажоритар тизимда ўринлар қандай тақсимланади?

Юқорида қайд этилганидек, 75 депутат бир мандатли округлар бўйича мажоритар тизим асосида сайланади. Округлар вакиллик даражаси тенг бўлиши учун сайловчилар сонидан келиб чиқиб шакллантирилади. Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидан сайланажак депутат қўшни туманлар манфаатларини ҳам ҳимоя қилиши мумкин, чунки ҳар бир округ бир неча аҳоли пунктини қамраб олиши мумкин.

Мамлакатда 19,8 млн сайловчи рўйхатга олинган ва улар имкон қадар тенг миқдорда округлар бўйича ажратиб чиқилади — яъни, ҳар бир округдаги сайловчилар сони бошқасидан кескин фарқ қилмаслиги керак.

75 депутатни сайлаш учун 75 та бир мандатли округлар ташкил этилади. Ҳар бир округга қанча сайловчи тўғри келишини аниқлаш учун 19,8 млн сайловчини 75 округга бўлиш керак — шунда ҳар бир округга ўртача 264 минг атрофида сайловчи тўғри келади.

Тошкентда 1,88 млн сайловчи рўйхатга олинган, шаҳарда 6 та округ бор. Таққослаш учун, Тошкент вилоятида 7 та, Навоий вилоятида эса 3 та округ ташкил этилган.

Янги ўзгаришларга мувофиқ, энди рақобатчиларига нисбатан энг кўп овоз олган номзод сайлов ғолиби ҳисобланади. Яъни, энди аввалгидек камида 50 фоиз сайловчининг овозини қўлга киритиш шарт эмас, шу боис бу сайловда иккинчи тур кўзда тутилмаган.

Пропорционал тизимда ўринлар қандай тақсимланади?

Қонунчилик палатасидаги 75 та ўрин партиялар рўйхати асосида пропорционал тизим бўйича тақсимланади. Ҳар бир партиянинг рўйхатида 100 нафардан номзод бор.

Тасаввур қилайлик, Қонунчилик палатасига сайловларда рўйхатга олинган жами 19,8 млн сайловчидан 13,125 млн нафари (66 фоизи) овоз берди.

Парламентдан ўрин олиш сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини қўлга киритиш керак. Яъни, партия парламентда мандатга эга бўлиши учун жами овозларнинг 7 фоизини олиши керак (бизнинг мисолимизда 7 фоизлик қиймат 918,75 минг овозни ташкил этади).

Мисолни янада осонлаштириш учун, ҳар бир партия қанча овоз олганини кўриб чиқайлик:

  • «А» партияси — 2 975 000 овоз;
  • «Б» партияси — 2 800 000 овоз;
  • «В» партияси — 2 625 000 овоз;
  • «Г» партияси — 2 450 000 овоз;
  • «Д» партияси — 2 275 000 овоз.

Шундай қилиб, тасаввуримиз бўйича, бешала партия ҳам минимум вазифани бажариб, парламентга ўтди.

Кейин жами овозлар сонини парламентдаги ўринлар сони (75 та)га бўлиб, сайлов коэффициенти ҳисоблаб чиқилади: 13 125 000 / 75 = 175 000.

Энди ҳар бир партия олган овозлар сонини сайлов коэффициенти (175 000)га бўлиб, ҳар бир партия нечтадан ўрин олишини чиқарамиз:

  • «А» партияси — 2 975 000 / 175 000 = 17;
  • «Б» партияси — 2 800 000 / 175 000 = 16;
  • «В» партияси — 2 625 000 / 175 000 = 15;
  • «Г» партияси — 2 450 000 / 175 000 = 14;
  • «Д» партияси — 2 275 000 / 175 000 = 13;

Тақсимланган ўринлар йиғиндиси: 17 + 16 + 15 + 14 + 13 = 75 мест.

75 та мандатнинг барчаси ҳеч бир қолдиқсиз тақсимланади. Агар номзод ваколатидан воз кечса ёки унинг ўрни бўшаса, партия рўйхатида ундан кейинги ўринда турган номзод депутат сифатида рўйхатга олинади.

Айрим партияларнинг рўйхатларида амалдаги вазирларни кўриш мумкин, улар сайловдан сўнг ўз депутатлик ўринларидан воз кечиб, ўрнини бошқа номзодларга бўшатиши мумкин.

Сайлов участкамни қандай топаман?

Доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси орқали овоз бериш мумкин. Бошқа ҳудудда таълим олаётган талабалар олийгоҳ ҳузурида ташкил этилган сайлов участкасида овлз беради.

Ҳар бир сайловчи ўз сайлов участкасини Марказий сайлов комиссияси сайтида ёки Ягона портал орқали, паспорт серия ва рақами, шунингдек, туғилган санасини киритиш орқали топиши мумкин.

Сайлов куни

Сайлов кодексига мувофиқ, овоз бериш жараёни тонгги соат 8:00 дан кечки 20:00 га қадар давом этади. Хорижий давлатлардаги овоз бериш жараёнлари ўша ердаги маҳаллий вақт бўйича 8:00 дан 20:00 гача бўлиб ўтади.

Сайлов участкасига шахсни тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларнинг бири билан келиш мумкин:

  • фуқаро паспорти ёки ID-картаси;
  • хорижга чиқиш паспорти;
  • ҳарбий гувоҳнома;
  • янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органларидан берилган вақтинчалик маълумотнома.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Бирор-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади. Ҳар бир сайловчи ўзи учун мустақил овоз беради. Бюллетенни бошқа одам учун ҳам овоз бермоқчи бўлга шахсларга, хусусан, шахснинг оила аъзоларига бериш тақиқланади.

Сайловчининг сўровига кўра, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар берилиши мумкин.

Қандай овоз берилади?

Бюллетень намуналари.

Сайлов куни сайловчиларга овоз бериш учун тўртта бюллетень берилади. Бюллетенлар ранги сайлов турига қараб фарқланади: Қонунчилик палатасининг бир мандатли сайлов округи учун — мовий, ягона сайлов округи учун — яшил, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари сайлови учун — сариқ, туман ва шаҳар кенгашлари сайлови учун — кулранг.

Биринчи варақада Қонунчилик палатаси учун аниқ бир депутатни (мажоритар тизим), иккинчисида — аниқ бир партияни (пропорционал тизим), кейинги иккитасида эса, мос равишда, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари учун депутатларни танлаш керак бўлади.

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари мустасно.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси, сиёсий партиянинг номи рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Муҳим эслатма: Овоз бериш чоғида бир неча квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгиси қўйилган бўлса ёки бирорта квадрат белги қўйилмаган бўлса, бундай бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилади ва овозларни санашда ҳисобга олинмайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, (чап томондаги юқори бурчакни қирқиб қўйиш орқали) бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Сайлов участкаси бошқа ҳудудда-ю, сайловчининг ўзи Тошкентда бўлса, нима қилиш керак?

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади. Сайлов комиссиялари рўйхатга ўзгартиришлар киритиши мумкин, аммо бу жараён сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.

Яъни, доимий яшаш манзили бошқа вилоятда рўйхатга олинган фуқаролар 22 октябргача ҳақиқий яшаш жойи (масалан, Тошкент)даги сайлов участкасига мурожаат қилиб, унинг исмини сайловчилар рўйхатига киритишни сўраши керак эди.

Айни вақтда, Марказий сайлов комиссиясидан «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилишларича, фуқаролар сайлов куни ҳам бошқа участкалар орқали овоз бериши мумкин, фақат бунинг учун участка сайлов комиссияси раиси номига фуқарони сайловчилар рўйхатига иловага киритиш ҳақида ариза ёзиш керак. Бунда шахсни, фуқароликни ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш керак бўлади.

Ариза шакли.Ариза шакли.

Шундан сўнг комиссия котиби ариза берган сайловчи Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида бор-йўқлигини текширади. Доимий ёки вақтинча яшаш жойи ҳақидаги маълумотдан келиб чиқиб, котиб ариза берган фуқарони мазкур сайлов участкаси сайловчилари рўйхатига қўшиш ёки қўшмаслик ҳақида қарор чиқаради.

У фуқаро рўйхатга олинган участка сайлов комиссиясининг раиси билан боғланиб, фуқаро овоз берганми-йўқми, шуни аниқлаштиради. Агар сайловчи ҳали овоз бермаган бўлса, комиссия раисини сайловчи мазкур сайлов комиссияси бўйича қўшимча рўйхатга киритилиши ҳақида хабардор қилади. Агар комиссия раиси билан боғланиш имкони бўлмаса, котиб кўрсатиб ўтилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳга мурожаат қилади.

Қуйидаги ҳолларда фуқаро сайловчиларнинг қўшимча рўйхатига киритилиши рад этилиши мумкин:

  • агар сайловчи бошқа участкада овоз бериб бўлган бўлса;
  • агар сайловчи доимий ва вақтинча яшаш жойи бўйича участка сайлов комиссиясига мурожаат қилмаган бўлса.

Ушбу жараён Марказий сайлов комиссиясининг 2 июлдаги (1343-сон) қарори 63-бандида кўрсатиб ўтилган.

Сайлов бюллетенини суратга олиш мумкинми?

Фуқаро ўз бюллетени ёки сайлов участкасини (ташқаридан ёки ичкаридан, шунингдек, овоз бериш кабинаси ё хонасидан) суратга олишига тақиқ йўқ.

Аммо бюллетень фотосуратини ижтимоий тармоқларда эълон қилиш қатъиян тақиқланади, чунки бу «яширин овоз бериш тамойили бузади». Марказий сайлов комиссияси 2 июль куни бюллетенларни фото ва видеога олиш ҳамда кадрларни, хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланиши ҳақида қарор қабул қилган.

Турли партияларнинг бошқа-бошқа номзодларига овоз бериш мумкинми?

Ҳа, фуқаролар ҳар хил бўғинларда — туман, вилоят кенгашлари ва Олий Мажлис учун овоз беришда бошқа-бошқа партияларнинг номзодларини танлаши мумкин, чунки сайловнинг ҳар бир бўғини бошқа-бошқа мақсад ва вазифаларни ифодалайди.

Мен овоз берган партия кам овоз олса, нима бўлади?

Агар партия камроқ овоз олса, парламентга бу партиядан камроқ вакил ўтади. Бироқ номзодлари парламентга ўтган бошқа партиялар ва уларнинг депутатлари мамлакатнинг барча фуқаролари манфаати йўлида ишлаши ва қонунларни қабул қилиши керак.

Қонунчилик палатасида оддий қонунларни қабул қилиш учун овозларнинг ярмидан кўпини, яъни, камида 76 депутатнинг овозини олиш керак. Конституция ёки конституциявий қонунларни қабул қилишда, шунингдек, уларга ўзгартиш ва тузатишлар киритишда эса овозларнинг учдан икки қисми — 100 та депутат овози зарур бўлади. Яъни, парламентда камроқ ўринни олган партиялар коалицияларга бирлашиб, ўз сайловчиларининг ташаббусларини илгари суриши мумкин.

Кенгаш депутатларининг иши учун ҳақ тўланадими?

Маҳаллий кенгашларнинг депутатлари жамоатчилик асосида ишлайди, чунки уларнинг фаолияти маҳаллий характерга эга. Бу уларга ўзининг асосий иш жойини сақлаб қолиб, депутатлик вазифаларини ҳам бажариш имконини беради. Аввалроқ туман ва шаҳар кенгашларида 2−3 депутат доимий асосда ишлаб, бунинг учун маҳаллий бюджетдан маош ҳам олиши таклиф қилинган эди, аммо бу бўйича ҳали бирор ҳужжат қабул қилинганича йўқ.

Олий Мажлис депутатлари бошқа ишда ҳам ишлаши мумкинми?

Йўқ. Қонунчилик палатаси депутатлари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва эътиборни тўлиқ қонун ижодкорлигига қаратиш учун ҳам зарур.

Депутатлик ўрни учун мустақил номзодлар ҳам даъвогарлик қилиши мумкинми?

Ўзбекистонда президентлик ва депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши мумкин. 2009 йил июлигача Ўзбекистонда сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳлари томонидан мустақил номзодларни кўрсатиш имконияти бўлган.

Шунга қарамай, ҳозирги парламентга барибир мустақил номзодлар ўтиши мумкин. Ҳозирча тўғридан-тўғри эмас, балки партияларнинг номзодлар рўйхати орқали — бу рўйхатларга партиясиз номзодларни ҳам киритишга рухсат берилган.

Сайловнинг «бўлиб ўтган» деб топилиши қанчалик муҳим? Сайлов «бўлиб ўтмаган» деб ҳам топилиши мумкинми?

Сайловнинг «бўлиб ўтган» деб топилиши жуда муҳим. Агар сайловчилар фаоллиги суст бўлса, хусусан, унда сайловчилар рўйхатига киритилган жами сайловчиларнинг 33 фоиздан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Шунингдек, Қонунчилик палатасига ягона сайлов округи бўйича ўтказилган сайловда иштирок этган сиёсий партияларнинг ҳеч бири сайловда иштирок этган сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини тўпламаган бўлса, ягона сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган деб топилади.

Сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари (ҳудудлари) бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан Олий судга шикоят қилиниши мумкин.

Сайловдан кейин нима бўлади?

Ўзбекистонда депутатлар сайлови якунига етганидан сўнг, ҳокимият органларининг янги таркибини шакллантириш жараёни бошланади.

Олий Мажлисга сайловлардан сўнг, ҳукумат — бош вазир ва барча вазирлар билан бирга — янги сайланган парламент олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади. Бу қонунчилик органи янгиланганидан сўнг ижро ҳокимиятини қайта ишга туширишга қаратилган стандарт бир жараёндир.

Сайловдан сўнг ҳукуматни қайта ишга тушириш ва қайта шакллантириш қонунчилик ва ижро ҳокимиятининг келишилган ҳолда фаолият кўрсатиши учун зарур. Парламентнинг янги таркиби мамлакатнинг сиёсий йўлига таъсир кўрсатиши мумкин ва бунда ҳукумат сайловчиларнинг манфаатларини ифода этувчи депутатлар томонидан белгилаб берилган янги устуворликларга мувофиқ ҳолда ишлаши керак.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.

Янги парламент шаклланганидан кейин бир ой ичида Ўзбекистон президенти барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига киритади.

Бош вазир лавозимига номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади. Бош вазир номзоди учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берса, у маъқулланган ҳисобланади.

Бош вазир лавозимига тақдим этилган номзод уч марта рад этилган тақдирда, президент бош вазирни ўзи тайинлайди ва Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.

Бош вазир номзоди маъқуллангач, янги ҳукумат таркибини шакллантириш бошланади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари (бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар) Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади. Бунинг учун номзодлар депутатларнинг ярмидан кўпининг овозини олиши керак.

Ҳукуматнинг янгиланиши: Ҳар доим ҳам янгилар келадими?

Сайловлардан кейин ҳар доим ҳам ҳукумат таркиби тўлиқ янгиланмайди. Кўпинча аксарият вазирлар ўз лавозимида қолади, айниқса, уларнинг фаолияти ижобий баҳоланган ва янги ҳукуматнинг сиёсий йўлига мувофиқ бўлса.

Шунга қарамай, айрим вазирлар парламент ва ҳукуматнинг янги таркиби олдида турган сиёсий мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб алмаштирилиши мумкин.

Аввалги парламент сайловидан кейин депутатлар 2020 йили номзоди кўрсатилган 35 вазир ва бош вазир ўринбосарларининг барчасини маъқуллаган эди (жараён қандай бўлгани ҳақида).

Қандай ҳолатларда сенатор ёки депутат ваколатларидан маҳрум этилиши мумкин? Шундай ҳолатлар бўлганми?

Депутат ёки сенаторнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилиши мумкин:

  • у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ёзма ариза берган тақдирда;
  • у қонунга кўра депутатлик, сенаторлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
  • унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
  • депутат, сенатор ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда;
  • тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календарь йил ичида 30 ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда;
  • чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда;
  • партия рўйхати асосида сайланган депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия аъзолигидан чиққан тақдирда
  • у чақириб олинган тақдирда;
  • суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган тақдирда;
  • у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
  • у Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган тақдирда;
  • у вафот этган тақдирда;
  • палата тарқатиб юборилган тақдирда.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сенатор этиб сайланган депутати ваколатларининг муддатидан илгари тугатилиши унинг сенаторлик ваколатлари тугатилишига олиб келади.

Алоҳида ҳолларда депутатнинг, сенаторнинг ваколатлари тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Депутат, сенатор деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

Фуқаролар қайси бўғиндаги депутатлар билан мулоқотга киришиши мумкин?

Оддий фуқаро ободонлаштириш каби локал масалалар шуғулланувчи маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳам, мамлакат миқёсида сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин бўлган Қонунчилик палатаси депутатлари билан мулоқотга киришиши мумкин.

Депутат оддий одамга қандай ёрдам бериши мумкин?

Депутатлар йўлларни таъмирлаш, мактаблар қуриш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби локал масалаларни ҳал қилишда, шунингдек, аҳоли турмуши сифатини оширишга хизмат қилувчи қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиши мумкин.

Депутат ва партиялар фаолиятини қандай кузатиб бориш мумкин?

Депутатлар ва партиялар фаолияти жамоатчилик назорати учун очиқ бўлиши керак. Очиқликни ОАВлар, партия ва депутатларнинг расмий сайтлари, уларнинг фаоляти ҳақидаги ҳисоботлар бериб бориладиган ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали таъминлаш мумкин.

Хусусан, Қонунчилик палатаси сайтида у ёки бу депутат қандай фикрлар билдираётгани ва мақолалар чиқараётгани билан танишиш мумкин. Парламентнинг баъзи аъзолари ижтимоий тармоқларда ҳам фаол, жумладан, сайловчилар билан учрашувлари ҳақида ҳам хабар бериб туради.

Хорижий мамлакатларда аниқ бир қонун бўйича у ёки бу депутат қандай овоз бергани ҳақидаги ахборот ҳам эълон қилиб борилади. Ўзбекистонда депутатлар қонунларни яширин овоз бериш йўли билан қабул қилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *