Гонконгда илк бор динозавр қолдиқлари топилди, дея маҳаллий қадимий обидалар ва ёдгорликлар бошқармаси хабар берди.
Топилган қолдиқлар тахминан 145-66 миллион йил олдин яшаган бўр даври катта динозаврига тегишли.
“Динозавр турларини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар талаб этилади”, деб ёзади The Guardian.
Қолдиқлар ЮНЕСКО глобал геопарки Порт оролида топилган. Мутахассислар динозаврнинг жасади қум ва шағал қатлами остида кўмилган, кейин кучли сув тошқини натижасида юзага кўтарилган ва чўкинди қатлами остида яна кўмилган деб тахмин қилган. Шу пайтгача Гонконгда топилган динозаврлар яшаган даврга оид ягона топилмалар балиқ қолдиқлари бўлган.
Гонконгдаги Хитой университети палеонтологи профессор Майкл Питтманнинг таъкидлашича, Гонконг динозавр изларини узоқ вақтдан бери қидирмоқда, бироқ ҳозирча муҳим топилмалар бўлмаган. Питтман, шунингдек, Гонконгнинг урбанизация даражаси юқори бўлишига қарамай, шаҳар ҳудудининг ярмини парклар эгаллаганини таъкидлаган. Унга кўра, боғларнинг ландшафти динозаврлар давридаги тошлардан иборат, аммо булар асосан вулқон жинслари бўлиб, қазилмаларни топишни қийинлаштиради.
Кейинги тадқиқотлар учун ҳукумат материк Хитойдан мутахассисларни жалб қилди. Порт ороли ҳозирда жамоатчилик учун ёпиқ, чунки у ерда қўшимча дала тадқиқотлари ва қазишмалар олиб борилмоқда.