Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани ва ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилганлиги сабабли 26 октябрь куни эрталаб бир нечта авиакомпания самолётлари ўз йўналишларини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир қанча авиакомпаниялар парвоз йўналишларини ўзгартирди
Jazeera Airways авиакомпаниясининг Тошкент—Кувайт йўналиши бўйича Ж9-1650 рейси соат 04:50 да учиб Тошкент аэропортига қайтди. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 07:06 да жўнаш аэропортига қўнган.
Шунингдек, Fly Dubai авиакомпаниясининг Душанбе—Дубай йўналиши бўйича ФЗ-778 рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 08:32 да Тошкентга келиб қўнди. Экипажнинг дам олиши муносабати билан Тошкентдан учиш маҳаллий вақт билан соат 21:00 га белгиланган. Йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилади.
Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент—Дубай йўналиши бўйича FZ-1942 рейси ҳам соат 04:58 да ҳавога кўтарилиб, 06:58 да Ашхободдаги муқобил аэродромга қўнган.
Centrum Air авиакомпаниясининг Жидда—Тошкент йўналиши бўйича C6-702 рейси ҳам худди шу сабаб билан Ар-Риёддаги муқобил аэродромга қўнди. Шунингдек, Мадина—Фарғона йўналиши бўйича C6-3336 рейси ҳам Тошкент вақти билан соат 08:17 да Ал-Мактум (Дубай) аэропортига қўнди.
Қўшимча қилинишича, ушбу рейсларнинг жўнаб кетиши ҳақидаги тўлиқ маълумотларни авиакомпания вакилларидан олиш мумкин. Шунингдек, маршрути Эрон ҳаво ҳудуди орқали амалга ошириладиган бир қатор рейслар Ўзбекистон шаҳарларидан кечикиш билан учиб кетди.