Катта еттилик мамлакатлари молия вазирлари Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағлар ҳисобидан тўланадиган Украинага 50 миллиард долларлик кредит тафсилотлари ҳақида баёнот эълон қилди.
Тўловлар 2024 йил декабрь ойида бошланиши кутилмоқда. Барча маблағлар 2027 йил охиригача ўтказилади. G7 мамлакатлари молия вазирликлари раҳбарларининг қўшма баёноти Канада ҳукумати томонидан эълон қилинди.
“Асосий қарз ва фоизлар бизнинг ҳуқуқий тизимларимиз ва халқаро қонунчилигимизга мувофиқ, Европа иттифоқи ва бошқа G7 мамлакатлари юрисдикцияларида жойлашган Россия суверен активларини иммобилизация қилишдан келиб чиқадиган фавқулодда тушумлар ҳамда бошқа ҳар қандай ихтиёрий бадаллар ҳисобидан қопланади”, дейилади ҳужжатда.
Кредитлар G7 мамлакатлари томонидан икки томонлама форматда тақдим этилади. Уларнинг ҳар бири 2025 йил 30 июндан кечиктирмай кучга киради. G7 мамлакатларига кредитларни тўлаш учун маблағлар “ҳар бир икки томонлама кредитнинг асосий суммасига мутаносиб равишда” тақсимланади.
G7 етакчилари аввалроқ Украинага 50 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш бўйича келишув ҳақида баёнот эълон қилишганди.
Катта еттиликка Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ киради. Маълумки, Қўшма Штатлар Украинага 20 миллиард доллар, Буюк Британия — 2,26 миллиард фунт стерлинг миқдорида кредит юборишни режалаштирмоқда.
Европа иттифоқи эса 35 миллиард еврогача маблағ ажратишга тайёрлиги маълум қилинган.