26 октябрь куни эрталаб Россиянинг Липецк вилоятидаги 2-сонли жазони ўташ колониясидан олти маҳбус қочиб кетди. Бу ҳақда Липецк вилояти ҳокими Игор Артамонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жиноятчиларни қидиришга барча тезкор-қидирув хизматлари, жумладан, Федерал жазони ижро этиш хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Росгвардия ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари жалб этилган. ФЖИЭХ маълумотига кўра, колония ҳудудида ер ости йўлаги (лаҳим) топилган.
Маҳбуслар қочган 65 метрлик лаҳим. Фото: Mash
Ҳоким маҳаллий аҳолини ижтимоий тармоқларда маҳбусларнинг қочиши муносабати билан пайдо бўлиши мумкин бўлган фейклар ҳақида олдиндан огоҳлантирди. Артамоновнинг фикрича, бундай сохта маълумотларни Украина Қуролли Кучлари тарқатади.
«Бундай янгилик хавотир уйғотиши мумкинлигини тушунаман, лекин ваҳимага тушмаслигингизни сўрайман. Алоҳида таъкидлашни истардимки, биз қочиш билан боғлиқ кўплаб уйдирма ва сохта хабарларни кутмоқдамиз. Ахборот уруши давом этмоқда ва Украина Қуролли Кучлари бу вазиятдан фойдаланиш имкониятини қўлдан бой бермайди», — дейди ҳоким.
Тергов қўмитаси маҳбусларнинг қочгани учун эътиборсизлик (Жиноят кодексининг 293-моддаси) бўйича жиноят иши қўзғатди. Тергов версиясига кўра, бу «колония ходимлари ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги» сабабли юз берган.
Mash ва Baza`нинг хабар қилишича, қочганлар Марказий Осиё, жумладан, ўзбекистонлик. Telegram каналларнинг маълумотига кўра улар қуйидагилар:
- Бахтиёр Жумаев — 1996 йилда туғилган, фуқаролиги келтирилмаган. Номусга тегишда айбланиб, судланган;
- Дилшод Арслонов — 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилгани учун судланган;
- Даврон Жабборов -1997 йилда туғилган Тожикистон фуқароси. Номусга тегишда айбланиб, судланган;
- Турғун Абдуллаев — 1997 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Номусга тегишда айбланиб, судланган;
- Хуршидбек Даниев — 2005 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Гиёҳванд моддаларни тарқатиш моддаси бўйича судланган;
- Парвозбек Турабаев — 2005 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Гиёҳванд моддаларни тарқатиш моддаси билан судланган.
Бироқ юқоридаги рўйхат расман тасдиқланмаган.
Россия ИИВ хабар беришича, Липецкдаги ИК-2 колониясидан қочган маҳбуслардан иккитаси Тамбов вилоятининг Петровка қишлоғида қўлга олинган. Кейинроқ Игор Артамонов яна икки маҳбус Липецкда ушланганини маълум қилди.