Ўзбекистон суперлигасининг 22-туридан ўрин олган баҳсда Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида Бекободнинг “Металлург” жамоасини қабул қилди.
Рақибнинг аутсайдерлиги, меҳмонларга очко сув ва ҳаводек зарур бўлганлиги боис ушбу ўйинда бекободликларнинг “Навбаҳор”га муносиб қаршилик кўрсатиши кутилганди. Аммо Сергей Лушан шогирдлари бунга йўл қўймади. Мезбонлардан Одил Ҳамробеков, Жамшид Болтабоев, Аброр Исмоилов ва Саидазамат Мирсаидовда имконият, бироқ уларнинг зарбаларига аниқлик етмади.
Биринчи бўлим якунланишига саноқли дақиқалар кечаётганида “Навбаҳор” жамоаси аъзолари майдонда 10 киши бўлиб қолди. Ярим ҳимоячи Аброр Исмоилов рақибига нисбатан жиддий тарзда қўполлик ишлатгани боис майдондан четлатилди.
Шундай бўлишига қарамай, мезбонлар 2-бўлимда ҳам устунликни қўлдан бой бермади. 80-дақиқада “Навбаҳор” жамоаси стандарт вазиятдан сўнг ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Захирадан майдонга тушган Сияваш Ҳақназари ўнг қанотдан жарима зарбасини амалга ошириб, тўпни бекободликлар жарима майдончаси ичига етказиб берди. Жамоанинг сербиялик ярим ҳимоячиси Йован Жокич тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллади — 1:0.
Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармади. Шу тариқа “Навбаҳор” очколари сонини 33 тага етказиб олди ва совринли ўринлар учун имкониятни сақлаб қолмоқда.
“Дарё” ушбу ўйиндан фотогалерея тайёрлади.