26 октябрь куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки номаълум шахс ҳаракатдаги Range Rover русумли йўлтанламас автомобилга ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар қайд этилишича, машинани фуқаро С.С. бошқарган. Ушбу ҳолатда хеч ким тан жароҳати олмаган. Қурол тури аниқлаштирилмаган.
Бир қатор интернет нашрларида автомобилда Комил Алламжонов бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. У яқин вақтгача Президент администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари, ундан олдин эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошлиғи ҳамда президент матбуот котиби лавозимларида фаолият юритган эди. Хабарларда Комил Алламжоновнинг уйи яқинида машинага ўқ узилгани айтилган.
«Dunyouzbeklari.Com»нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбалари машинада ҳайдовчидан ташқари Комил Алламжонов ҳам бўлганини тасдиқлади. Манбаларнинг маълум қилишича, Range Rover ортидан қўриқчиси бўлган Cobalt автомобили ҳам ҳаракатланаётган бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумон қилинувчи шахсларни аниқлаш ва ушлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Dunyouzbeklari.Com»нинг Қибрайдаги манбалари маълум қилишича, эрталаб кўчаларда кўп сонли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини кўриш мумкин бўлган.
Суҳбатдошлардан бири ИИБ ходимлари ундан уйининг олдидаги кузатув камераларидан олинган видеоёзувларни сўраганини айтиб ўтди.
