Ўзбекистонда 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакатдаги сайлов участкалари 20:00 да ёпилди.
«Dunyouzbeklari.Com» мухбирлари овоз бериш жараёни якунланишига ярим соатча қолганида, Яшнобод тумани 307-мактабда ташкил этилган 621-сайлов участкасига борди ва сайлов жараёнининг сўнгги қисмини кузатди. Соат 20:00 бўлиши билан масъуллар сайлов участкаси ёпилганини эълон қилди.
Шундан кейин сайлов комиссияси аъзолари муддатидан аввал овоз берган сайловчиларнинг бюллетенларини сайлов қутисига ташлади. Сўнг сайлов қутиси, шунингдек, ногиронлиги бўлган ёки ўзгалар парваришига муҳтожлиги туфайли сайлов участкасига кела олмаган сайловчиларнинг бюллетенлари йиғилган кичик қути алоҳида хонага олиб кирилди.
У ерда ҳар иккала қутидаги бюллетенларни столга ёйилди. Шундан сўнг бюллетенларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир мандатли округлар бўйича, партиялар рўйхати бўйича, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ва Яшнобод туман кенгаши кесимида алоҳида санаб, саралаш бошланди.
Ушбу жараёнга киришилганидан сўнг участка сайлов комиссияси аъзолари ОАВ вакилларининг ушбу муассасада қолиши овозларни санаш жараёнига аралашиш ҳисобланишини таъкидлаб, «Dunyouzbeklari.Com» мухбирларидан муассасани тарк этишни сўради.
Жараённи тўлиқ қуйидаги видеодан томоша қилиш мумкин:
Маълумот учун, 2024 йилги парламент сайловлари бўлиб ўтган деб топилди — соат 17:00 ҳолатига кўра, 19,9 млн сайловчининг 14,2 млн нафари ёки 71,52 фоизи овоз бериб бўлган эди. Энг паст — 62,39 фоиз кўрсаткичли давомат Тошкент шаҳрида кузатилди.
Олий суд вакили Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан иккита маъмурий иш кўриб чиқилганини маълум қилди. Битта ҳолатда фуқаро жаримага тортилган.