Ўзбекистоннинг жорий ҳафта бошидаги об-ҳавосини кичик катталикдаги антициклон жараёни белгилайди — у жойлардаги ҳаво ҳарорати тунда ҳам, кундузи ҳам сезиларли даражада совуқ бўлишига таъсир қилади. Ушбу даврда мамлакатнинг катта қисмида тонгда ҳарорат 0 даража ва -2 даражагача, Устюрт платосида ҳамда тоғларда -7…- 5 даражагача совуқ бўлишига олиб келиши мумкин.
Ҳафтанинг иккиничи ярмидан бошлаб, қўшни Туркманистон ҳудудларидан бироз юқори ҳароратни тақдим этувчи иссиқ-қуруқ ҳаво тўлқинлари кириб келади. Якшанба кунига бориб, кундузи Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ҳаво ҳарорати +20…+25 даража, жанубий вилоятларда эса +28 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Душанбадан бошқа кунларда Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик деярли кузатилмайди. Фақат 29−30 октябрь кунлари Қорақалпоғистонда бироз ёғингарчилик кутилади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ва дам олиш кунлари ёғингарчилик бўлмаслиги юқорида келтирилган сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам кўриниб турибди — Ўзбекистонга кўп ёғин улашувчи нам ҳаво оқимлари асосан ғарбдан кириб келади. Ғарб томонда — Қора денгиз устида эса ҳозирда яхлит шаклланган булутли оқимлар мавжуд эмас.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 28 октябрда куннинг биринчи ярмида Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлади, аммо у даражада кўп кузатилмайди. Тоғларда ёмғир қорга айланиши, баъзи ҳудудларда кучли ёғиши мумкин. 29−30 октябрь кунлари Қорақалпоғистон ҳудудида ва баланд тоғларда бироз ёғингарчилик сақланади. Ҳафтанинг бошқа кунлари ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳафта бошида совуқ антициклонал жараён фонида жойларда ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасаяди. Масалан, 28−30 октябрь кунлари ҳатто кундузи ҳам (жанубий вилоятлардан ташқари) жойларда ҳаво ҳарорати +15 даражадан паст кутилади. 31 октябрдан жанубда ҳаво ҳарорати +20 даража, 1−2 ноябрь кунлари кундузи республиканинг катта қисмида ҳарорат +20…+25 даражагача иссиқ бўлиши кутилади.
Ҳафта бошидаги тунги ва тонгги об-ҳаво Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида мавсум учун илк нол даражагача паст ҳароратни тақдим этиши мумкин. Масалан, асосий қишлоқ хўжалиги майдонлари жойлашган вилоятларда 29−30 октябрь тонгларида ҳаво ҳарорати минимумлари ноль даражага яқинлашишиб, тупроқ сиртидаги ҳароратни ноль даражадан паст бўлишига олиб келади. Бунда қишлоқ хўжалиги экинлари учун «совуқ уриш» ҳодисаси кузатилади.
Ҳафта давомида энг совуқ давр 29 октябрь тонггига тўғри келиши, бунда тоғларда ва Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудларида ҳаво ҳарорати -7…-5 даражагача совуқ, Қизилқум чўлларида -2 даражагача совуқ, республиканинг катта қисмида эса нол даражагача, ҳатто жанубий вилоятларда ҳам +1 даражагача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Аммо мазкур совуқлик тўлқини жойларда кескин аномалияларни тақдим этмайди. Баъзи жаҳон иқлим моделлари 29 октябь тонгги соат 05:00 учун республиканинг катта қисмида -4…0 даражагача совуқ ҳароратни прогноз қилган.
Ҳафта ўрталаридан бошлаб кундузги ҳарорат билан бирга тунги ҳарорат қийматлари ҳам кўтарилиб боради. Дам олиш кунлари тонгги минимум ҳарорат республиканинг катта қисмида +10 даража атрофида илиқ бўлиши мумкин.
Нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётган 28 октябрь куни чўлларда ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар кузатилиши мумкин. Шамоллар тезлиги у қадар юқори хавф-хатар келтириб чиқарувчи кучга эга бўлмайди — уларнинг тезлиги кўпи билан сониясга 20 метрга етиши прогноз қилинмоқда.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Душанба куни республика аҳолиси циклонал омил таъсирига тушади. Циклонал таъсирлар, масалан, ёмғир ёғишидан олдин оёқ-қўли оғриб қоладиган кишилар циклон об-ҳаво муҳитини инсон организмига таъсирини камайтиришда аввалги материалдаги тавсияларга амал қилишлари керак.
29−30 октябрь кунлари эса антициклон омили одамларнинг ички қон босимига таъсир қилиши мумкин. Аммо кутилаётган антициклонал жараён саломатликка жиддий таъсир кўрсатадиган кучга эга эмас. Шу кунларда ўзида антициклон таъсирни сезган — ўзида ҳолсизлик ҳис қилган ёки қон босими ўзгарган кишилар, шифокор тавсияси асосида аввалги матералдаги тавсияларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳарорат кўтарилиб, мавсум учун бироз ноодатий иссиқ ҳарорат фонида об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар дам олиш кундуз кунлари ўзларида бироз ланжлик, бош оғриғи ва ҳатто нафас олишнинг қийинлашишини бошдан кечириши мумкин. Аммо бу ҳам организмга айтарли юқори хавф туғдирадиган жараён эмас. Бир сўз билан айтганда, жорий ҳафтадаги об-ҳаво ўзгаришлари кишилар саломатлигига сезиларли даражада хавф туғдирмайди.
Биоиқлимий шароитлар
Жорий ҳафта бошидаги намгарчил, кейинроқ қуруқ совуқ кишиларни қалин кийимларни кийиб олишга ундайди. Ҳатто бошни совуқдан асраш учун қалпоқлар кийишга ҳам эҳтиёж туғилиши мумкин. Чунки жорий антициклон жараёни бироз шамол омили ва қуруқ ҳаво билан бирга реал ҳароратни ҳис қилишни пасайтириб юборади. Ҳафта ўртасига келиб эса қалин кийимларни бироз енгилроқларига алмаштириш тавсия этилади. Якшанба куни пешинга яқин эса қуёш тафти остида ҳатто енгил кийимлар кийиш бўлади.
Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар олтин рангларга бурканиб, булутли ва қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади. Ҳафта бошида эса баланд тоғларга қор ёғишини кузатиш учун чиқиш мумкин.
Космик таъсирлар
26 октябрь куни Қуёш сиртидаги кучли Х синфли чақнашдан ажралиб чиққан қуёш плазмаси чеккаси душанба куни соат 08:00 дан 17:00 давр оралиғида Ер магнитосферасига урилиб, сайёрада 4−5 баллик магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.
Қозоғистондаги Ионасфера институтининг жорий ҳафта иш кунлари учун тақдим этган геомагнит бўрони прогнозига кўра, бу ҳафта аҳоли кучли геомагнит бўронларидан безовталанмайди, фақат 29 октябрдан 31 октябрга қадар ҳамда 1 ноябрь кунлари геомагнит бўрони қўзғалишининг «сокин» даври бўлишини прогноз қилган.
Бу каби прогнозларнинг ўзини оқлаш даражаси анча пастлигича қолмоқда. Қуёш ўзининг ҳар 11 йилликдаги энг фаол чақнашлари даврида турибди. Қуёшда тўсатдан Х ва М синфли чақнашлар сони кузатилиши билан унинг коронал массасини Қуёш шамоллари орқали сайёрамиз юқори атмосферасига 2−3 суткада етиб келишига ва сайёрада «кучли», «жуда кучли» ва ҳаттоки «экстремал» геомагнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда магнит бўронларини 2 кундан ортиқ сана учун ишончли прогноз қиладиган ечимлар мавжуд эмас.
Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, кўп овқатланмаслиги, спиртли ичимликлардан тийилиши мақсадга мувофиқ. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳам тавсия этади.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ҳафта бошида кузатиладиган ёмғирли об-ҳаво муҳити ҳавода майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон яратмайди. Фақат ҳафта сешанба ва чоршанба кунлари антициклонал жараён фонида қуёш чиқиш арафаси ва тонгда ҳавода, инверсия ҳодисаси сабаб, хиралик ортиши ва ифлосланиш рўй бериши мумкин. Кейинги ҳаво ифлосланиши эса кўпроқ дам олиш кунларига тўғри келиши мумкин. Лекин мазкур ифлосланишлар юқори эҳтимол хавфли даражаларга эга бўлмайди.
Чўлларда ва жанубий вилоятларда эса душанба куни фронтолди шамоллари чанг тўзонларни келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш юз бериши мумкин. Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, жорий ҳафта об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, пайшанба, жума ва шанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларига мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилади.