Марказий сайлов комиссияси 28-октяр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди.
Комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатга олинган 19 миллион 944 мингдан ортиқ сайловчидан 15 миллион 27 минг 529 нафари, яъни 74,72 фоизи овоз берди.
Дастлабки натижаларга кўра, Қонунчилик палатасидаги 150 та ўрин партиялар орасида қуйидагича тақсимланади:
- ЎзЛиДеП — 64 та ўрин (38 та бир мандатли округ, 26 та ягона округ);
- “Миллий тикланиш” — 29 та (15+14);
- “Адолат” СДП — 21 та (9+12);
- ХДП — 20 та (7+13);
- Экопартия — 16 та (6+10).
Икки сайлов тизими бўйича, яъни депутатликка номзодларга ва партияларга берилган овозлар қуйидагича бўлди:
Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни 27 октябрь куни 11 минг 28 та сайлов участкаларида соат 08:00 да бошланиб, соат 20:00 гача давом этди.
Бу йилги сайловларда Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги Сайловчиларнинг электрон рўйхатига Ўзбекистондаги 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи киритилганди. Бундан ташқари, чет эллардаги сайловчилар 165 минг 631 нафарни ташкил этди.
40 та хорижий давлатдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 57 та сайлов участкалари ташкил этилган. Хориждаги сайлов жараёнларининг дастлабкиси Япония ва Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарида Тошкент вақти билан соат 04:00 да бошланди. Овоз бериш жараёнларининг сўнгиси АҚШдаги ваколатхоналарда Тошкент вақти билан 28 октябрь соат 05:00 да якунланди.
27 октябрь соат 13:00 ҳолатига кўра, 19 944 859 нафар сайловчидан 9 948 589 нафари ёки 47,62 фоизи овоз беришда иштирок этди ва депутатлик сайлови ўтган деб ҳисобланди.