Тошкент халқаро аэропортида олтин қуймалари ва хитой тангаларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс аниқланди, бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.
Фуқаронинг қўл сумкаси божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим этилмаган, умумий оғирлиги 187 грамм бўлган 6 дона олтин қуймаси ҳамда 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар косметика креми ичига яширилгани аниқланди.
Шундан сўнг ушбу фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилганида, унинг ёнидан оғирлиги 20 грамм бўлган қуйма тилла узук ҳам борлиги аниқланди.
Ашёвий далил сифатида олинган ушбу буюмларнинг умумий қиймати 223 млн сўмни ташкил қилди. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Шунингдек, яратилганига эллик йилдан ошган маданий бойликларни республика ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.