Исроил парламенти (Кнессет) БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA)нинг мамлакат ҳудудида фаолиятини 90 кун ичида тақиқловчи иккита қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Қонун лойиҳасининг бири агентликнинг Ғазо сектори, Иорданиянинг Ғарбий қирғоғи ва Шарқий Қуддусдаги фаолиятини амалда тўхтатса, иккинчиси Исроил амалдорлари ва давлат органларига агентлик билан алоқани тақиқлайди. 92 нафар депутат қонунни қўллаб-қувватлади, 10 нафари қарши овоз берган.
Агентлик бу ҳолатга муносабат билдирди, унга кўра, Кнессетдаги овоз бериш «хавфли прецедент яратади» ва «БМТ низомига зид». Шунингдек, Исроилнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларини бузади. Агентликнинг таъкидлашича, қонун фаластинликларнинг, «айниқса, одамлар бир йилдан ортиқ вақтдан бери дўзахни бошдан кечираётган Ғазо секторида» азоб-уқубатларни кучайтиради.
«Бу 650 мингдан ортиқ ўғил-қизларни таълимдан маҳрум қилади ва бутун бир авлод болаларини хавф остига қўяди. Ушбу қонун лойиҳалари фаластинликларни оммайий жазолашдан бошқа нарса эмас. UNRWA ва унинг хизматларига чек қўйиш фаластинликларни қочоқлик мақомидан маҳрум қилмайди. Фаластинликлар аҳволининг адолатли ва барқарор ечими топилмагунча ушбу мақом БМТ Бош ассамблеясининг бошқа резолюцияси билан ҳимоя қилинади», дейилади агентлик баёнотида.
Бу қонун лойиҳаларини қайтаришда муваффақиятсизликка учраш Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ўрнатилган умумий кўп томонлама тизимимизни заифлаштиради. Бу ҳол барчамизни ташвишга солиши лозим, дея таъкидлади агентлик.
Ҳозиргача 1,9 миллиондан ортиқ фаластинлик кўчирилган ва Ғазо сектори озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларнинг кенг тақчиллигига дуч келмоқда.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлат Ғазодаги гуманитар операцияда энг катта ёрдам кўрсатган БМТ агентлигини йўқ қилиш устида иш олиб бораётгани жуда ачинарли», — дейди UNRWA матбуот котиби Жульетта Тума.
UNRWA 1949 йилда 1948 йилги Араб-Исроил урушидан кейин кўчирилган юз минглаб фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш учун ташкил этилган. Агентликнинг вазифалари Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Ливан, Сурия ва Иорданиядаги фаластинликларга таълим, гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Қўшма Штатлар, Германия ва Европа Иттифоқи агентлик учун энг йирик донорлар қаторига киради. Унинг Ғазо секторида 13 минг ходими бор.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш (Исроил Гутерришни персона нон грата деб эълон қилиб, унинг мамлакатга киришини тақиқлаган):
Агар бу [қонун лойиҳаси] амалга ошса, Исроил Кнессети томонидан қабул қилинган қонунлар, эҳтимол, UNRWA`нинг босиб олинган Фаластин ҳудудида ўзининг муҳим ишини давом эттиришга тўсқинлик қилади, бу эса Фаластин қочқинлари учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Мен Исроилни БМТ yизоми ва халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ изчил ҳаракат қилишга чақираман. Миллий қонунчилик ушбу мажбуриятларни ўзгартира олмайди.
Мен бу масалани БМТ Бош ассамблеяси эътиборига ҳавола этаман ва вазият қандай ривожланиши билан fссамблеяни яқиндан хабардор қилиб бораман. UNRWA`нинг муқобили йўқ.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус:
UNRWA Фаластин халқи учун алмаштириб бўлмайдиган нажот йўлидир. Ва бу сўнгги етмиш йил ичида содир бўлиб келди. UNRWA БМТга аъзо давлатлар томонидан ташкил этилган. Исроил парламентининг бугунги қарори UNRWA`нинг миллионлаб фаластинликлар ҳаётини қутқариш ва соғлиғини сақлаш ишларига тўсқинлик қилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Бунга чидаб бўлмайди. Бу Исроилнинг мажбуриятлари ва вазифаларига зид.
2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва ЦАХАЛнинг Ғазо секторида жавоб ҳарбий операциясини бошлаганидан сўнг агентлик ходимлари бир неча бор террорчиларга ёрдам беришда айбланган. 2024 йил январь ойида Исроил ҳукумати ҲАМАС ҳужумига алоқадорликда айбланган 12 нафар ходим ҳақидаги маълумотларни Оқ уйга тақдим этди. Агентликнинг хабар беришича, бир неча ходимга нисбатан тергов бошланган, кейинчалик БМТ улардан тўққиз нафари ҲАМАС ҳужумига алоқадор бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Ҳужумларда уларнинг роли қандай бўлгани аниқлаштирилмаган.
АҚШ Исроил ҳукумати томонидан ҳужжат топширилгандан сўнг агентликни молиялаштиришни тўхтатган. Бир қатор Европа давлатлари ҳам шундай қилган, аммо кейинчалик АҚШдан ташқари уларнинг барчаси молиялаштиришни тиклаган.