2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида қонун лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, бюджет харажатлари даромадидан 36,1 трлн сўмга кўп бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва бюджетномага шарҳ эълон қилди.
Қайд этилишича, 2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2026–2027 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган.
Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.
Ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари:
- консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2025–2027 йилларда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;
- ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;
- бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш;
- солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;
- давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;
- йиллик бюджетни шакллантиришда «Натижага йўналтирилган буджет» тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;
- иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш;
- бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда буджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш;
- давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ва кучайтириш;
- давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш;
- «Яшил бюджетлаштириш» тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш;
- атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирлар устуворлигини таъминлаш;
- халқаро экспертлар билан биргаликда буджет харажатлари тузилмасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш.
Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2025 йил учун давлат буджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси) белгиланмоқда.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 54,4 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).
Хусусан, буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат буджетидан 18,5 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси 3-позицияси).