Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилги давлат бюджети ва 2026−2027 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот 6 фоизга (ўтган йилги прогноздан паст) — 1,63 квадриллион сўмгача, 2026−2027 йилларда эса мос равишда 6,1 фоиз ва 6,3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ўсиш суръати саноатда 6,1 фоиз, хизматлар соҳасида 14,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 4,1 фоиз бўлиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткичларга «ҳар бир соҳада таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш» орқали эришиш кутилмоқда.
Инфляцияни 2025 йилда 7 фоизгача, 2026 йилда 5−6 фоизгача, 2027 йилда 5 фоизгача тушириш режалаштирилган. Бу Марказий банкнинг режаларидан фарқ қилади, регулятор аввалроқ 5 фоизлик инфляцияга эришиш бўйича муддатни 2025 йилнинг иккинчи ярмигача кечиктирганди.
Лойиҳада ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Консолидацияланган бюджет тақчиллиги 2025 йилда ҳам, 2026−2027 йилларда ҳам ЯИМга нисбатан 3 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.
Асосий солиқ ставкалари ўрта муддатли истиқболда ўзгаришсиз қолади. Шу сабабли бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Солиқ ва бюджет сиёсатини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига босқичма-босқич мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан, ўрта муддатли истиқболда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслигини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилади.
Давлат қарзи 45 млрд долларгача (ЯИМга нисбатан 36,4 фоиз), 2027 йилда эса 55,9 млрд долларгача (ЯИМга нисбатан 36,7 фоиз) ошиши кутилмоқда.
Йиллик бюджетни шакллантиришда «Натижага йўналтирилган бюджет» тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш, иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш, бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда бюджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш, давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ҳамда кучайтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш, «Яшил бюджетлаштириш» тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш, атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирлар устуворлигини таъминлаш, халқаро экспертлар билан биргаликда бюджет харажатлари тузилмасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, 2025 йилда бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 трлн 65,3 млрд сўмни, харажатлари эса 480 трлн 330,6 млрд сўмни ташкил этиши кутилмоқда (консолидациялашган бюджет дефицити -49 трлн 265,3 млрд сўм). Бюджетнинг ўзининг даромадлари эса 308 трлн 546,9 млрд сўм, харажатлари 290 трлн 209,1 мрлд сўм бўлади.
Дефицит давлатнинг ички ва ташқи қарзлари, давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 66 трлн 516,1 млрд сўмга, харажатлари 117 трлн 234,5 млрд сўмга етиши режалаштирилмоқда. Бунда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари дефицити -32 трлн 380,6 млрд сўмга етади. Йил давомида давлат мақсадли жамғармаларига 54 трлн 367,2 млрд сўм трансфертлар ажратилиши кўзда тутилган.
Пенсия жамғармасининг бюджетдан ташқари тушумлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.
Давлат дастурлари бўйича ташқи қарзлар ҳисобидан режалаштирилган харажатлар 18,4 трлн сўмни ташкил этади.
2025 йил Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тушумлар 22 трлн 249,4 млрд сўмни ташкил этиб, жамғарма маблағларининг 20 трлн 293,7 млрд сўми сарфланади.
Келгуси йилда Ўзбекистон кўпроқ қарз жалб қилиши мумкин. Агар 2024 йилда давлат кафолати остида ташқи қарз жалб қилиш чегараси 5 млрд доллар бўлса, келгуси йилда кўрсаткич 5,5 млрд доллар бўлади. Ушбу маблағнинг 3 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Давлат қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта рискларини камайтириш мақсадида Ўзбекистон номидан муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг максимал соф ҳажмини 2025 йил учун 30 трлн сўм (2024 йил учун 25 трлн сўм эди) миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.
2025 йил давлат қарзини сўндириш учун 46 трлн 83,9 млрд сўм сарфланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, давлат бюджети учун хатарларни камайтириш мақсадида давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва тасдиқ хатлари берилиши талаб қилинадиган барча давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида имзоланадиган янги лойиҳалар қийматининг чекланган ҳажми 6,5 млрд доллар миқдорида белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда рақамлаштириш ва сунъий интеллект ёрдамида харажатларни оптималлаштириш ва даромадларни ошириш муҳимлигини таъкидлаганди. 2025 йилда 78 туман ўзини ўзи молиялаштиришга ўтади. Йиғилишда экспортни 25 фоизга ошириш, маҳаллийлаштириш дастурини парламентда тасдиқлаш топшириғи берилганди.
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 200 млрд долларга етказиш режалаштирилган, бу аввалроқ прогноздан (160 млрд доллар) кўпроқ, дея таъкидлаганди аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари. 2027 йилда инфляцияни 5 фоизгача пасайтириш мақсадига эришиш кутилмоқда, бу Марказий банк режалаштирган муддатдан кечроқ. Шунингдек, бюджет масаласида 2025 йил тежамкорлик ва барқарорлик йили деб эълон қилинган.
Давлат бюджети лойиҳаси ва бюджетнома билан батафсил ҳаволалар орқали танишиш мумкин.