Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси учун тўловларни тиклаш таклиф қилинмоқда. Бу 2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасидан келиб чиқади.
Таклиф «мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини ошириш»га қаратилган. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб 2−11-синф ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўм) ташкил этган.
Ҳужжатни ишлаб чиққанлар битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни унинг нархининг 16−18 фоизини ташкил этадиган миқдорда тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.
Йиғилган 376,6 млрд сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.
«Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда», — дейилади бюджетнома лойиҳасида.
Бюджетнома лойиҳасига бу таклиф киритилганини 29 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов маълум қилди.
«Бу бюджетномадаги таклиф, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки бошқа нарса эмас. 2-синфдан 11-синфгача бўлган контингент учун бир тўпламга синфидан қатъи назар бир марталик белгиланган 80 минг сўм ижара тўловини киритиш бюджетномада таклиф сифатида кетган. Бу бюджетга юкламани тахминан 376 млрд сўмга камайтиришга олиб келиши мумкин», — деди у.
Унга кўра, жорий йилда дарсликлар учун 1,5 трлн сўм, келаси йили эса 1,3 трлн сўм маблағ сарфланиши кутилмоқда.
«Бу таклиф даражасида турибди. Бу 1-синфдан ва ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилалардан ташқари. Бу ҳали жорий этилди, қабул қилинди дегани эмас», — деди вазир ўринбосари.
Темуржон Комилов бу таклиф Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини таъкидлади.
«Бу биз билан келишилган. Хабаримиз бор. Бунинг тагида асослари бўлади. Лекин ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади, вазирлик ва идоралар билан келишилади. Ўша вақтда ҳамма асослантиришлари, ижобий ва салбий томонлари кўриб чиқилади. Бу ҳозир таклиф даражасидаги позиция», деди у.
2022 йилда битта дарслик (машқ дафтарлари) учун ўртача бир марталик ижара ҳақи кескин 5707 сўмга (синфга қараб ҳар тўплам учун 68,5 минг сўмдан 119,8 минг сўмгача) ёки ўтган ўқув йилига нисбатан (2740 сўм) 2,1 баробарга кескин оширилганди. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлиги нарх жаҳон бозорида қоғоз нархининг ошиши ва мамлакатга қоғоз етказиб бериш учун транспорт харажатлари туфайли қимматлашганини қайд этганди.
Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари учун ижара ҳақи кескин оширилганига жамоатчилик эътирозлари кузатилаётган бир пайтда президент Шавкат Мирзиёев «бепул ижарани ташкил этиш бўйича шошилинч чоралар кўриш»га кўрсатма берганди. Шундан сўнг, дарсликлар ижараси учун тўлов бекор қилинганди.
«Dunyouzbeklari.Com» хорижий мамлакатларда мактаб ўқувчиларини китоб билан қандай таъминлаётгани ҳақида ёзганди (кўп мамлакатларда китоблар бепул берилади ва ўқувчиларда абадий қолади, Ўзбекистонда эса дарсликлар мактабга қайтарилади).
Дарсликлар учун ижара тўловини тиклаш таклифи эълон қилингач, собиқ депутат Расул Кушербаев мактаб дарсликларини ижарага олиш учун тўлов Конституциянинг 50-моддасига зид эканлигини, чунки давлат бепул умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимини кафолатлаши кераклигини таъкидлади.