Саида Мирзиёева Марокашда «Fashion Trust Arabia» тадбирида иштирок этди.
Саида Мирзиёева Шайх Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳазрати олияларининг таклифига биноан Марокашда “Fashion Trust Arabia” мукофотлари маросимида иштирок этди. Ушбу тадбир Яқин Шарқ мамлакатларидан келган ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
“Fashion Trust Arabia” минтақада мода бизнесини ривожлантириш ва янги талантлар учун имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусдир. Маросим давомида иштирокчилар мода саноатининг етакчи вакиллари билан учрашиш ва энг креатив дизайнерларга мукофотлар топширилишини гувоҳи бўлиш имкониятига эга бўлдилар.
Ёш ижодкорларга алоҳида эътибор қаратилди, улар ўзларининг ноёб ишларини тақдим этишди, бу эса мода соҳасида маданий алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшди.
Саида Мирзиёева Марокаш маликаси Лалла Ҳаснага меҳмондўстлиги учун, Шайх Ол-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Сонийга эса унутилмас таассуротларга бой ушбу кунларни баҳам кўргани учун самимий миннатдорлигини билдирди.