Испаниянинг Валенсия ҳудудида кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқинлари оқибатида камида 64 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Reuters.
Испаниялик метеорологларнинг маълумотларига кўра, бор-йўғи саккиз соат ичида Валенсияда бир йиллик ёғингарчилик миқдори ёққан. Вилоятдаги 155 мингга яқин хонадон кучли шамол туфайли электрдан узилган.
Электр таъминотчиси бўлган Iberdrola компанияси ёмон об-ҳаво шароити туфайли тиклаш ишлари бироз вақт талаб қилиши мумкинлигини билдирди.
Воқеа гувоҳлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳаларга кўра, одамлар сув тошқинидан қутулиш учун дарахтлар ва автомобиль томларига чиқиб олган.
Ҳудудий ҳукумат раҳбари Карлос Мазоннинг айтишича, айрим аҳоли вакиллари кириб бориш қийин бўлган жойларда ёлғиз қолиб кетган, чунки баъзи ҳудудларга етиб бориш «мутлақо имконсиз».
Энг кўп зарар кўрган ҳудудларда мактаблар бекор қилинди, ҳудудда поездлар қатнови ҳам тўхтатилди.
Испания қироли Филипп VI сув тошқинлари кўламидан даҳшатда қолганини айтиб, табиий офат қурбонларининг қариндошллари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Бош вазир Педро Санчеснинг айтишича, қутқарув ишларига 1000 дан ортиқ ҳарбий жалб этилган. Шунингдек, у вайрон бўлган инфратузилмани тиклашга ваъда берди.
Испания ҳукумати тошқин қурбонлари учун 31 октябрдан 2 ноябрга қадар уч кунлик мотам эълон қилди.