UzAuto Motors Асака автомобиль заводида Chevrolet Cobalt Midnight автомобили ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганини маълум қилди.
Cobalt автомобилининг янги модификацияси ҳозирги мавжуд модификациядан 7,3 млн сўмга қимматроқ бўлади. Шу билан бирга, мавжуд модификациянинг ишлаб чиқарилиши ва сотуви давом этади, унинг нархи эса ўзгаришсиз қолади (Cobalt GX-Style ATPlus — 147 916 000 сўм).
«Биринчи босқичда янги модификация ташқи кўринишини яхшиловчи деталлари билан ажралиб туради, уларга қорамтир тусдаги ёритиш тизими ва ғилдирак дисклар киради. Кейинги босқичларда эса интерьер қисми бўйича қўшимча ўзгартиришлар киритилади», — дейилади компания хабарида.
Сотувлар бошланиши ҳақида қўшимча маълумот кейинчалик эълон қилинади.
Март ойида UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари нархини 3,5−6,7 фоиз оралиғида оширганди.