• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Таргетга эришиш муддати макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадида узайтирилди — МБ



Ўзбекистон Марказий банки 31 октябрь куни «Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026−2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» концептуал лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, учта сценарий ишлаб чиқилиб, 5 фоизлик инфляцияга эришиш бўйича муддат учинчи марта кечиктирилди. Шу куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор нима учун кескин чоралар кўришдан тийилаётганига изоҳ берди.

Пул-кредит сиёсатининг 2025−2027 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари жорий макроиқтисодий шароитларнинг ўрта муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича Марказий банкнинг қарашларини ифодалайди ва ушбу даврда нархлар барқарорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришишга қаратилган пул-кредит сиёсати чораларини белгилайди.

Ташқи ва ички шароитларнинг ўрта муддатли истиқболдаги ўзгариш траекториялари, мавжуд ноаниқликлар ва хатарларнинг инфляцияга эҳтимолий таъсирларидан келиб чиқиб регулятор макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари асосида пул-кредит сиёсатининг келгуси йилларга мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиққан. Шу билан бирга, эҳтимоли доим мавжуд бўлган инфляцион хатарларнинг кучайишига асосланган хатарли сценарий ҳам ишлаб чиқилган.

Асосий сценарий

Асосий сценарий ички ва ташқи шароитлар жорий суръатларда ривожланишда давом этиши, хусусан глобал инфляциянинг пасайиб бориши, жаҳонда иқтисодий ўсиш суръатларининг ижобий ва халқаро бозорларда хомашё нархларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши, мамлакатда инвестицион талабнинг ошиб бориши ҳамда таркибий ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши шартлари асосида ишлаб чиқилган.

Бу сценарий доирасида ЯИМнинг реал ўсиши нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида 2025 йилда 5,5−6,0 фоиз, 2026 йилда 5,5−6,5 фоиз, 2027 йилда эса 6,0−6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилиняпти.

Инфляция 2025 йилда 6,0−7,0 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Шунингдек, 2025 йилда тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган навбатдаги оширилиши ҳамда озиқ-овқат инфляциясининг 2024 йилдаги паст база таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача пасайиши 2026 йилнинг иккинчи ярмида содир бўлиши кутилмоқда.

Регулятор баёнотида айтилишичча, таргетга эришиш муддатининг узайтирилиши жорий шароитлар ва инфляцион омиллардан келиб чиқиб умумий макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда инфляциянинг босқичма-босқич пасайтириб борилишини англатади. Шу билан бирга, инфляциянинг монетар омилларини камайтиришга ва базавий инфляциянинг барқарор пасаювчи траекториясини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати ва макропруденциал сиёсатининг ўзаро уйғун чоралари кучайтирилади.

31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор нима учун таргетга эришиш йўлида кескин чоралар кўришдан тийилаётганига изоҳ берди.

«Сизларда, албатта, Марказий банк қатъий чора кўриб, узил-кесил шу мақсадга эришса бўлмайдими деган савол туғилади. Лекин биз бу борада жуда эҳтиёткорона ёндашув олиб боряпмиз. Тўғри, таргетга қанча тез эришсак, барқарор иқтисодиётга, уни келгусида соғлом ривожланишига шароитларни шунча тез яратган бўламиз. Ва энг муҳими инфляцион кутилмаларни барқарор жиловлашга ҳам эришамиз. Лекин институционал жиҳатдан барқарор шароитларни яратмасдан туриб ялпи талабни чекловчи кескин чоралар кўрилганда (кредитларни қисқартириш, фоизни ошириш ва ҳоказо), ушбу чоралар иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатар, хавф туғдириши мумкин», — деди у.

Марказий банк раиси шу сабабли, жорий шароитлар ва инфляцион омиллардан келиб чиққан ҳолда, умумий макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадида таргетга эришиш муддатини узайтирилаётганини қайд этди.

«Маълум қисқа даврда юқори инфляция шароитида ҳам юқори ўсиш кўрсаткичларига эришиш мумкин-ку, деб савол беришингиз мумкин. Тўғри, лекин бу ўсиш барқарор бўлмайди. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда юқори инфляция, албатта, ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Буни кўп мамлакатлар амалиётида яққол кўриб турибмиз», — дея қўшимча қилди Мамаризо Нурмуратов.

Муқобил сценарий

Муқобил сценарий жорий ички шароитларнинг сақланиб қолиши ва ташқи хатарларнинг ортиши, жумладан глобал инфляциянинг узоқроқ муддат юқори даражада шаклланиши, айрим йирик иқтисодиётларда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши ва жаҳон иқтисодиёти фрагментациясининг кучайиши бўйича хатарларнинг ички иқтисодиётга салбий таъсирларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Бунда, ташқи хатарларнинг иқтисодий ўсишга салбий таъсирлари юқори бўлиб, ташқи талабнинг пасайишидан кўриладиган иқтисодий ривожланишдаги йўқотишларни камайтириш ва ички талабни қўллаб-қувватлаш асосан фискал рағбатлантиришлар ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилди. Оқибатда, иқтисодий ўсиш суръати 2025 йилда 5,0−5,5 фоиз, 2026 йилда 5,0−6,0 фоиз доирасида шаклланиши, 2027 йилда эса 5,5−6,5 фоизгача тикланиши тахмин қилинмоқда.

Муқобил сценарийда иқтисодий фаолликнинг маълум даражада пасайиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши фонида умумий инфляция 2025 йилда 7−8 фоизга, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 2027 йилнинг биринчи ярмида 5 фоизлик таргетигача пасайиши кутилмоқда. Ушбу сценарий шартлари юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан қатъийроқ шакллантириш, хусусан, асосий ставкани ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Хатарли сценарий

Хатарли сценарийда минтақадаги иқлим ўзгаришининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсири, ишлаб чиқаришнинг чекланганлиги шароитида фискал рағбатлантиришларнинг кучайтирилиши ҳамда энергия ресурслари таклифининг талабга номутаносиб бўлиши ҳисобига инфляцияни оширувчи таклиф томондан хатарлар эҳтимоли инобатга олинган. Бу хатарлар таъсирида умумий инфляция 2025 йилда 8−9 фоиз, 2026 йилда 7−8 фоиз атрофида шаклланиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида етиши кутилмоқда.

Ушбу сценарий шароитида, инфляцион босимларни пасайтириш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилади ва пул-кредит шароитлари қатъийлаштирилади. Шунингдек, ҳукумат билан биргаликда инфляцияга номонетар омиллар таъсирини камайтириш чоралари янада фаоллаштирилади.

«Макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар қандай сценарийси шароитида ҳам пул-кредит сиёсати чоралари Марказий банкнинг асосий мақсади бўлган нархлар барқарорлигини таъминлашга, хусусан, инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор шаклланишига қаратилади», — дейилади регулятор баёнотида.

Шу билан бирга, келгуси йилларда пул-кредит сиёсати чоралари таъсирчанлигини ошириш мақсадида:

  • пул-кредит сиёсати қарорларини иқтисодиётга самарали трансмиссиясини таъминлаш мақсадида операцион механизм ва банклараро пул бозорлари такомиллаштириб борилади;
  • қисқа муддатли прогнозлаш моделлари қатори кенгайтирилади, ўрта муддатли прогноз моделлари параметрлари кўриб чиқилади ва жорий иқтисодий реалликка мувофиқлаштирилади;
  • кредитлаш фаоллигини мувозанатлаштиришда пул-кредит ва макропруденциал сиёсат чораларини ўзаро мувофиқликда қўллаш фаол давом эттирилади;
  • шаффоф пул-кредит сиёсати коммуникациясини амалга оширишда давом этади ҳамда мулоқот каналларини кенгайтириш ва статистик маълумотлар кўламини ошириш асосий йўналишлардан бўлади.

Марказий банк, шунингдек, «Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026−2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»нинг концептуал жиҳатдан маъқулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банкнинг расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини қўшимча қилган.

23 октябрь куни Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев Ўзбекистонда 5 фоизлик инфляцион таргетга 2025 йилда эмас, 2026 йилнинг иккинчи ярмида эришилиши кутилаётганига изоҳ берганди.

«Бу сценарийларда ҳисобга олинган омиллар билан амалда юз берган вазиятнинг фарқи бор. Биринчидан, тарифлар либерализацияси икки босқичда амалга ошириляпти, бир мартада ўтиб кетгани йўқ. Шунингдек, яна бошқа ўзига хос хусусиятлари бор», — дея таъкидлаганди регулятор раҳбари ўринбосари.

Инфляцион таргет тарихи

2017 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Бу ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида пул-кредит сиёсатининг амалдаги воситаларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида сўз боради.

Қарор билан Марказий банкнинг ички нархларнинг барқарорлигини таъминлашда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш принцип ва механизмларини хорижий марказий банклар томонидан қўлланадиган инфляциявий таргетлаш режимига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганди.

2019 йил 18 ноябрда имзоланган президент фармонида Марказий банк инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаши назарда тутилган.

2022 йилга келиб 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш бўйича белгиланган муддат биринчи марта кейинроққа — 2023 йилдан 2024 йилга сурилди. 2021 йилнинг якунига кўра инфляция даражаси 9,98 фоизгача пасайганди, бироқ геосиёсий вазият (Россиянинг Украинага бостириб кириши), дунёдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг тенденциялари, таъминот занжиридаги муаммолар ва логистикадаги узилишлар 2023 йилда ҳам юқори инфляцион рисклар ва ноаниқликлар сақланиб қолишини кўрсатаётгани қайд этилганди.

2023 йил октябрида регулятор ташқи савдо ҳамкорларидаги иқтисодий вазият, хомашё ва молия бозорларида келгусида ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолишини, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш суръатларини инобатга олиб 2 та сценарий асосида кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишларини ишлаб чиққанди. Унга кўра, 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш даври асосий сценарий бўйича 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши кутилаётгани эълон қилинган, яъни таргетга эришиш муддати иккинчи марта ортга сурилганди.

Ўшанда регулятор муқобил сценарий бўйича таргетга эришиш муддати 2026 йил якунига ҳам тўғри келиши мумкинлигини қайд этган.

2024 йил 17 октябрь куни иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов 2025 йилда инфляцияни 7 фоиз даражасида ушлаб туриш, 2026 йилда эса 5−6 фоизгача, 2027 йилдан эса 5 фоизгача ёки ундан пастроқ даражагача тушириш мақсад қилинганини маълум қилди. Яъни инфляцион таргетга эришиш муддати амалда учинчи марта кейинроққа сурилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *