Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев муҳожирларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабларга қабул қилишни тўхтатиш вақти келганини айтди, деб хабар бермоқда РБК.

Чунки бу умумий таълим даражасига таъсир қилади, дейди собиқ президент.

«Ижтимоий вазифалар ўрин олган мактаблар ва бошқа таълим муассасаларида тез-тез муҳокама қилинадиган бир ҳолат мавжуд. Бундай вазият рус тилини деярли билмайдиган болалар у ерларга борганида юзага келади. Бундан умумий таълим даражаси азият чекмоқда. Бу ҳаммага маълум ва бунга барҳам бериш вақти келди», — деди у.

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров бу таклифга муносабат билдирди. «Болаларга қилинадиган бу шафқатсизлик келажакда рус тилига муносабатни шакллантиради», — деб ёзди Қодиров.

«Ўзбекистонда рус тилини оммалаштиришга йўналтирилаётган самарасиз маблағлар Россиядаги ўзбекистонликларга рус тилини ўргатишга ишлатилса, самараси кўпроқ бўлади», — деб қўшимча қилди у.

22 октябрь куни Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игор Мороков рус тилини яхши билмайдиган мигрантлар фарзандларини имконияти чекланган болалар билан тенглаштиришни таклиф қилганди.

2024 йил сентябрь ойида Таълим вазирлиги мактаб ва боғчаларга рус тилини яхши билмайдиган муҳожир болаларни синф ва гуруҳларга қабул қилишда уларнинг сонини учтагача чеклашни тавсия этган. Ўшанда вазирлик ҳужжатида бундай болаларни самарали ўқитиш «соғлиғида нуқсони бўлган болани ўқитишдан осон эмаслиги аниқ»лиги айтилганди.