Туркия парламенти яқин кунларда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилади. Фуқаролик жамияти ва медиа гуруҳлари унинг ўзгача фикрларни бостириш учун фойдаланилишидан хавотирда, деб ёзади Bloomberg.
Журналистлар танишиб чиққан лойиҳага кўра, қонун чет давлат ёки ташкилотнинг таъсири ёки буйруғи билан «давлат хавфсизлиги, унинг ички ёки ташқи сиёсий манфаатларига қарши ишлаётганларга» қарши қаратилган бўлади, деб ёзади агентлик. Қонунни бузганлик учун энг қаттиқ жазо — етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Агентлик томонидан ўтказилган сўровда суд экспертлари ва журналистлар қонуннинг ноаниқлиги ва кенг ифодаланишидан хавотир билдирган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳокимият ушбу ноаниқликдан ҳукуматга нисбатан ҳар қандай танқидни бостириш учун фойдаланиши мумкин.
Bloomberg`нинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси яқинда Грузияда қабул қилинган ва Ғарб давлатларининг оммавий норозиликлари ва қоралашларига сабаб бўлган қонунга ўхшайди. У, ўз навбатида, Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунини эслатади, дейилади мақолада.
Мухолифатдаги Республика Халқ партияси депутати Инан Акгюн Алпнинг Bloomberg`га маълум қилишича, қонун лойиҳаси «кўпроқ репрессив муҳит» учун замин яратади. «Бу жуда жиддий авторитар қонун», — дейди у.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва унинг ҳукумати сўнгги йилларда турли қонунлар ёрдамида сўз эркинлигини чеклаб қўйди, деб ёзади агентлик. Эрдоған мамлакат раҳбари лавозимини эгаллаган ўн йил давомида минглаб одамлар президентни ҳақорат қилишда айбланиб, ҳибсга олинган ёки судланган.