Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган Ўзбекистон бош вазирининг барча ўринбосарлари, вазирлар ва давлат органлари раҳбарлари ўз депутатлик мандатларидан воз кечди. Бу Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган депутатларнинг якуний рўйхатидан келиб чиқади. «Dunyouzbeklari.Com» рўйхатни ўрганиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, депутатлар сайлови илк бор мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим бўйича ўтказилди. 75 депутат бир мандатли сайлов округларидан (аниқ номзод учун овоз бериш), яна 75 депутат партия рўйхатлари бўйича ягона сайлов округидан (партияга овоз бериш) сайланди.
Пропорционал тизимда партиялар партия рўйхатини тузади, номзодлар эса қайси депутатлик ўринларини эгаллашига қараб Қонунчилик палатасига киради. Барча партияларнинг рўйхатидан бир қанча ҳукумат аъзолари ёки бошқа давлат хизматчилари ҳам ўрин олган:
- Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев — ЎзЛиДеП (2-ўрин);
- Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова — ЎзЛиДеП (3-ўрин);
- Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Раҳим Ҳакимов — ЎзЛиДеП (4-ўрин);
- Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов — ЎзЛиДеП (6-ўрин);
- Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев — ЎзЛиДеП (7-ўрин);
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов — Экологик партия (4-ўрин);
- Адлия вазири Акбар Тошқулов — «Адолат» (4-ўрин);
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов — «Адолат» (6-ўрин);
- Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев — «Миллий тикланиш» (4-ўрин);
- Маданият вазири Озодбек Назарбеков — «Миллий тикланиш» (6-ўрин);
- Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Махкамова — ЎзХДП (3-ўрин);
- Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов — ЎзХДП (4-ўрин).
Сайлов кодексининг 96−1-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар бу ҳақда хабар олган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида Марказий сайлов комиссиясини ўз ваколатлари мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни бажаришдан воз кечгани тўғрисида ёзма равишда маълум қилиши шарт.
Сайлов кодексининг 74−2-моддасига кўра, агар номзод депутатлик мандатидан бош тортса, МСК партия рўйхатидан кейинги навбатдаги номзодга билдиришнома юборади.
Бироқ ушбу вазирларнинг барчаси, бош вазир ўринбосарлари, Савдо-саноат палатаси раҳбари, агентлик раҳбарлари депутатлик мандатларидан бош тортди. Ушбу рўйхатдан биргина президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, аввалроқ учинчи чақириқ (2015−2019) депутати бўлган Раҳим Ҳакимов ушбу рўйхатдан парламент депутати бўлишга рози бўлди.
«Dunyouzbeklari.Com»нинг ҳисоб-китобларига кўра, бешинчи чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 63 нафари (аввалги сайловларда 27 фоиз ўрнига 42 фоиз) қайта сайланган. Ўтган чақириқ Сенат аъзолари ҳам парламент қуйи палатасига аъзо бўлди.