2024 йил октябрь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда 0,84 фоизлик рекорд даражада паст инфляция кузатилди, дея хабар берди президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.
Бу сўнгги 14 йилдаги энг паст кўрсаткич. Камида 2010 йилдан бери (Статистика агентлигининг веб-сайтидаги маълумотлар шу йилдан бошлаб мавжуд), бу ойда инфляция ҳеч қачон 1 фоиздан пастга тушмаган.
Йиллик инфляция (2023 йилнинг октябрига нисбатан) 10,24 фоизгача пасайди (бир ой аввал бу кўрсаткич 10,46 фоиз эди), йил бошидан бери эса (январь-октябрда) нархлар ўртача 7,67 фоизга ошди. Ўзбекистон Марказий банки йил давомида инфляция 9,5 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.
Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,1 фоизга ошди (йиллик ҳисобда 2,4 фоизга). Ноозиқ-овқат товарлари 0,7 фоизга (8,1 фоиз), пуллик хизматлар нархлари 0,8 фоизга (28,7 фоиз) қимматлади.
Гўшт нархининг ўсиши секинлашди: суякли мол гўшти 0,8 фоизга (сентябрда 3,1 фоизга, августда 5,3 фоизга ошганди), қўй гўшти эса 1,2 фоизга (сентябрда 2,8 фоиз, августда 4,9 фоиз). Йил бошидан буён мол гўшти 11,7 фоизга, қўй гўшти 12,3 фоизга қимматлади.
Тухум яна 1 фоизга (йиллик ҳисобда 22,9 фоизга арзонлади), кунгабоқар ёғи 2,3 фоизга (йил давомида +3,4 фоиз), сут 0,9 фоизга (+4,2 фоиз) қимматлади. Шакар 1,2 фоизга (йил давомида +2,7 фоиз), гуруч 2,9 фоизга (+0,4 фоиз), ун 0,2 фоизга (-2,6 фоиз) арзонлади.
Октябрь ойида бодринг нархи 33,2 фоизга, булғор қалампириники 21,5 фоизга, помидорники 16,5 фоизга, сабзиники 2,1 фоизга ошган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ой давомида картошка 1,5 фоизга, лавлаги 1,6 фоизга, пиёз 2,5 фоизга, лимон 5,3 фоизга, олма 8,3 фоизга арзонлаган. Йиллик ҳисобда картошка нархи 17,6 фоизга ошди.
Октябрь ойида алкоголли ичимликлар нархи 1,7 фоизга, тамаки маҳсулотлари нархи эса 1 фоизга ошди.
Кетма-кет иккинчи ой ижара ҳақи 1 фоиздан кўпроққа ошиши кузатилмоқда. Октябрь ойида республикада уй-жой ижараси ўртача 1,9 фоизга қимматлади.
Дори-дармонлар нархи ўсишда давом этмоқда, октябрь ойида бу кўрсаткич яна 1,2 фоизга ошди (йил бошидан буён 25,4 фоизга).
Октябрь ойида автомобиллар учун ёқилғи нархларининг ошиши қайд этилди. Пропан нархи ўсишда давом этмоқда (бунинг сабаблари ҳақида) — 1,2 фоиз (йил давомида 48,6 фоиз).
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бир ой давомида метан 0,2 фоизга (йил давомида — 20,8 фоизга), бензин 1,5 фоизга (+10,5 фоизга) қимматлаган.
Темир йўл чипталари ўртача 0,1 фоизга (йил давомида +45,4 фоиз) қимматлади, авиачипталар эса 0,3 фоизга (+8,2 фоиз) арзонлади.
Ой давомида мобил операторлар хизматлари нархи 3,2 фоизга ошди.
Хусусий болалар боғчалари хизматлари ой давомида 1,6 фоизга қимматлади (йил давомида 12,7 фоиз).
Ой давомида кафелардаги нархлар 1,8 фоизга (йил давомида — 12,6 фоиз), ошхоналар ва шунга ўхшаш муассасаларда 0,8 фоизга (+12,7 фоиз) ошди.