Ижтимоий тармоқларда Олтинкўл тумани «Қорақалпоқ» маҳалласида жойлашган 38-умумтаълим мактаб директорининг мактаб ўқувчиларини калтаклаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида вилоят ММТБ масъуллари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
«Шу ўринда Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси зўравонликнинг ҳар қандай турини кескин қоралаган ҳолда, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларида педагогик этика қоидаларига риоя этиш зарур эканлигини маълум қилади», дейилади бошқарма муносабатида.
Таъкидланишича, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш якунларига кўра, батафсил маълумот берилади.
Бундан аввалроқ Андижондаги мактабда ўқувчи қизлар ўтириб-турғизилиб жазолангани, Қашқадарёда ўқитувчи 5-синф ўқувчисини уриб жароҳатлагани, Тошкентдаги хусусий мактабда икки ўқитувчи 9-синф ўқувчисига куч ишлатгани, шунингдек, пойтахт мактабида ўқитувчи биринчи иш кунида ўқувчини калтаклагани ҳақида хабарлар берилганди.