Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни “Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025-ўқув йилидан битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.
Университетда 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб эҳтиёж юқори бўлган аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади.
Янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.
Қарорга асосан университетда фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Трансформация маркази ташкил этилади. Марказ университет таълим дастурларини халқаро таълим стандартларига мослаштириш, университетни дунёнинг нуфузли университетлари рейтингига киритиш устида иш олиб бориш, университет дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, университет дипломларининг хорижда тан олинишига эришиш ва бошқа масалаларга масъул бўлади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ университетнинг таълим, тадқиқот ва ахборот-кутубхона фаолиятларини ҳамда бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, 2025 йил 1 июнгача талабаларнинг битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини кўчирмачиликка қарши текшириш (антиплагиат) механизмини жорий этиш белгиланган.
Аввалроқ Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини қўшиб юбориш орқали уларнинг негизида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилади тўғрисида хабар берилганди.