Андижондаги мактабда директор ўқувчиларни калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Тармоқларда тарқалган видеога кўра, ҳолат Олтинкўл тумани Қорақалпоқ маҳалласида жойлашган 38-умумтаълим мактабида содир бўлган.
Видеода директор экани айтилаётган аёл ўқувчилардан бирининг юзига тўхтовсиз тарсаки тушириб, уни тартибга чақираётганини кўриш мумкин.
«Сен ва дўстингдан ҳамма ўқитувчилар дод деяпти. Сенларнинг дастингдан дарс ўта олишмаяпти. Мана шу болалар мактабга билим оламан деб келган», — дейди раҳбар аёл.
Вилоят ММТБ муносабатига кўра, ҳозирда бошқармада ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилмоқда. Ўрганиш ишлари якунларига кўра батафсил маълумот берилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Болалар омбудсмани ҳам вазиятни ўрганмоқда.
Аниқланишича, 8-синф ўқувчиси Қ.М. (ўғил бола) синф хонада пиротехника воситаларидан фойдаланган. Бунга жавобан мактаб директори гўёки тарбиявий мақсадда Қ.М.ни ва синфдаги бошқа бир неча болаларни калтаклаган.
Олтинкўл тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Таълим муассасаларида болаларга нисбатан бундай номақбул муносабат ва жисмоний жазо қўллаш ҳолатларига йўл қўйиш мумкин эмас. Бола давлат ва қонун ҳимоясида, дейилади хабарда.