Боливиянинг собиқ президенти Эво Моралес ўз тарафдорларининг хатти-ҳаракатлари бўйича матбуот анжумани ўтказди: улар йўлларни тўсиб, бир қанча ҳарбий объектларни эгаллаб олишганди.
Собиқ давлат раҳбари уларни ўз ҳаракатларини вақтинча тўхтатишга чақирди, бироқ айни пайтда амалдаги расмийлар музокарага киришгунга қадар очлик эълон қилди.
“Биз очлик эълон қиламиз. Ҳукумат барча ҳарбийлар ва полицияни олиб кетиши керак. Иқтисодий ва сиёсий мавзуларни муҳокама қилиш учун иккита музокара столини ҳам сўраймиз”, деб ёзди Моралес матбуот анжумани якунлари бўйича Х ижтимоий тармоғида.
Собиқ президент тарафдорлари тахминан уч ҳафтадан бери йўлларни тўсмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, улар учта ҳарбий базани эгаллашга муваффақ бўлишган, ҳарбийлар гаровга олинган. Расмийлар уларнинг ҳаракатларидан кўрилган зарарни камида 70 миллиард долларга баҳолаган.
Одамлар инфляция ва ёнилғи тақчиллигидан норозилик билдиришмоқда, шунингдек, одам савдоси ва вояга этмаган болага бузуқ ҳаракатлар қилишда гумонланаётган Моралесга нисбатан терговни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Эво Моралес 2006 йилдан 2019 йилгача Боливия президенти лавозимида ишлаган. Мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари натижасида у истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
Моралес 2020 йилги сайловларда президент этиб сайланган Луис Арсени қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик улар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам 2025 йилги президентлик сайловларида “Социализмга ҳаракат” партиясидан ўз номзодини илгари сурмоқчи.