• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 8 та завод қурилади – Dunyouzbeklari.Com


Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқарадиган 8 та завод қурилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) ва Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) жами 6 та йирик компанияси ўртасида қўшма ривожлантириш шартномалари имзоланди.

Маълумот учун, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – Green University’га ташрифи давомида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишган эди. Президент бу лойиҳаларни намунавий қилиб, ҳудудларда кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Унга кўра, мамлакатнинг 11 та ҳудудида ХХР ва БАА  компаниялари иштирокида умумий қиймати 1,28 млрд АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳалар асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилади. Натижада йилига 4,7 млн тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, полигонлар сони беш баробарга қисқаради. 97 млн АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 млн метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 млн тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 200 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳалар 2025–2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши мақсад қилинган. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган. Хусусан:

  • ХХРнинг China CAMC Engineering компанияси лойиҳасига кўра, Тошкент ва Андижон вилоятларида биттадан қиймати 350 млн АҚШ доллари бўлган, 12 гектардан ер майдонида 2 та завод қурилади. Бу орқали йилига 1,38 млн тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 630 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 36 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади;
  • ХХРнинг Shanghai SUS Environment компанияси лойиҳасига кўра, Самарқанд ва Қашқадарёда биттадан қиймати 310 млн АҚШ доллари бўлган, 12 гектардан ер майдонида 2 та завод қурилади. Бу орқали йилига 1,095 млн тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 480 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқилади, сҳиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 27 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади;
  • ХХРнинг China Everbright Group компанияси лойиҳасига кўра, Наманган ва Фарғонада биттадан қиймати 283 млн АҚШ доллари бўлган, 12 гектардан ер майдонида 2 та завод қурилади. Бу орқали йилига 1,095 млн тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 455 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 26 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади;
  • ХХРнинг Chengdu Environmental Group компанияси лойиҳасига кўра, Жиззах вилоятида 12 гектар ер майдонида Жиззах ва Сирдарёдаги чиқиндиларни ёқиш орқали қурилиш материаллари ҳамда электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган қиймати 135 млн АҚШ доллари бўлган завод қурилади. Бу орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 230 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 13 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 150 та қўшимча иш ўрни яратилади;
  • БААнинг Tadweer Group компанияси лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятидаги 12 гектар ер майдонида Бухоро ва Навоийдаги чиқиндиларни ёқиш орқали қурилиш материаллари ҳамда электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган қиймати 200 млн АҚШ доллари бўлган завод қурилади. Бу орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 363 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 21 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 150 та қўшимча иш ўрни яратилади ва йилига 350 нафар малакали мутахассис тайёрланишига эришилади;
  • Жанубий Корея Республикасининг Sejin компанияси лойиҳасига кўра, 55 миллион доллар эвазига Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги маиший чиқинди полигонида ҳосил бўладиган газдан муқобил электр энергияси олиш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 335-сонли Қарори  имзоланган бўлиб, инвестицион ва электр харидлари учун шартномалар тасдиқланган ва чиқинди полигони ажратилган. Бу орқали чиқиндилар термик усулда утилизация қилиниб, 53 минг тонна иссиқхона газлари, 2 тонна зарарланган сизот сувлари камаяди, 59 гектар полигон рекултивация қилинади ва 16 млн кВт/соат электр энергия ишлаб чиқилади. Шунингдек, 40 та қўшимча иш ўрни яратилади.

Таъкидлаш жоизки, бу каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазиятни барқарорлаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш, аҳолига хавфли касалликлар юқишини камайтиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, чиқиндиларнинг қайта ишланиши муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олиниши, мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилишига хизмат қилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *