Дарахтларга турли йўллар билан — тагига “солярка”, оҳак қуйиш, илдизига шикаст етказиш, сувсиз қолдириш, сомон ёқиш орқали дарахтларни ёқиб юбориш ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳақда Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков айтиб ўтди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Жусипбек Казбековнинг маълум қилишича, 2022 йилда 1637 та, 2023 йилда 1522 та, жорий йилнинг 8 ойида 520 та ҳолатда сархатларга шикаст етказиш ҳолатлари кузатилган. Бу бўйича 9 миллиард 423 миллион, табиатга етказилган қоплаш бўйича 3 миллиард 894 миллион сўм жарима қўлланилган.
Ўрмон изланиш тадқиқот институти томонидан йирик ўлчамли манзарали дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича техникаси ва технологияси бўйича қўлланмалар қилинган. Бундан ташқари Экология вазирлиги Фанлар академиясининг Ботаника институти билан ҳамкорликда қўлланма устида ишланмоқда. Лекин булар мутахассисларга берилган тавсиялар.
Асосий муаммо шундан иборатки, кўчириб ўтказишда пала-партиш ишлаш ва йўлда дарахтларнинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатлари ҳам бор. Бухорода ҳам шундай ҳолат бўлди, ҳозирда бу ишни прокуратурага топширганмиз. Бунда 1 миллиард сўмдан ортиқ дарахтлар йўқ бўлиб кетган, деди вазир ўринбосари.
Унинг қўшимча қилишича, Экология вазирлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўрмон фондига кирмайдиган манзарали дарахтларни кўчириб ўтқазишни тартибга солувчи норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.