Тошкентда 2 ноябрь куни янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жой бинолари қуриладиган Чорсу майдонини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.
Лойиҳа Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси — Дрездендаги Postplatz майдони, Берлиндаги EDGE Suedkreuz мажмуаси ва бошқа кўплаб иншоотларни реконструкция қилган муаллиф томонидан ишлаб чиқилган.
2025 йилда бошланадиган қурилиш ишлари ўзбекистонлик ва хорижий сармоядорлар консорциуми томонидан амалга оширилади. Лойиҳа уч ярим йил давом этади — мажмуа 2029 йилда очилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ортиқ. Майдонни реконструкция қилиш 620 иш ўрнини таъминлаб, Тошкент шаҳри фондига қарийб 113 минг квадрат метр турар-жой ва тижорат кўчмас мулкларини қўшади, дейилади тақдимотда.
«Чорсу майдонининг янги қиёфаси пойтахтнинг Эски шаҳрини ўзгартириб юборади. Бу ерда инвестициялар ва бизнес учун муҳим жозибадор нуқта пайдо бўлади. Бизнинг мажмуамиз энг йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар офислари учун маконга айланишини кутмоқдамиз. Янги меҳмонхона эса сайёҳларга эски Тошкентнинг қоқ марказида энг йирик мегаполислар даражасида қулай ҳаёт тарзида яшаш имконини беради», — деди лойиҳа ишлаб чиқувчилар жамоаси раҳбари Андрей Требунских.
Ишлар давомида 2000 йиллар бошида ёпилгандан кейин тақдири номаълум бўлган «Чорсу» меҳмонхонаси биноси демонтаж қилинади. Жамоатчиликка тақдим этилган бир нечта лойиҳалар амалга оширилмади, бинонинг техник ҳолати эса йиллар давомида ёмонлашди.
Меҳмонхона 1982 йилда меъмор Владимир Спивак лойиҳаси бўйича қурилган ва дастлаб «Москва» деб номланган.
2020 йилда Давактив агентлиги меҳмонхона биносини БААнинг Ittihad International Investment компаниясига очиқ савдо орқали 16,9 млрд сўмга сотган. Ҳозирда ўзбекистонлик ва хорижий инвесторлардан иборат консорциум лойиҳада иштирок этмасликка қарор қилган ушбу компаниядан объектни сотиб олиш бўйича битимни ёпиш жараёнида. Битим қиймати ва инвесторлар гуруҳи таркиби келишувга эришилгандан сўнг эълон қилинади.
Октябрь ойида якунланган бинонинг техник экспертизаси шуни кўрсатдики, ёғингарчилик ва атроф-муҳит таъсири натижасида темир-бетон конструкциялар жиддий деформацияга учраган ва қисман бузилган. Арматура стерженлари 20 фоизгача ўз майдонини йўқотган ва коррозияга учраган. 14-қават ва ундан юқори бўлган барча устунлар ҳисоб-китоб талабларига жавоб бермайди.
Экспертиза хулосасига кўра, бинони реконструкция қилиш мумкин эмас. У яқинда совет модернизми давридаги бинолар билан тўлдирилиши давомида маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаган ва қўриқланадиган мақомга эга эмас.
Немис архитекторлари томонидан ишлаб чиқилган янги мажмуанинг бош биноси собиқ «Чорсу» меҳмонхонасининг умумий кўринишини сақлаб қолади. Тошкентнинг шаҳар ландшафтида унинг ўрнини эгаллаган янги баланд бино Эски шаҳарнинг меъморий доминантасига айланади.
Лойиҳачилар жой ва замонга мос замонавий бино яратиш, шу билан бирга, ўтмишга ҳурмат кўрсатиш учун мувозанатни изламоқда, деб таъкидланди тақдимотда.
Янги меҳмонхонада 29 қават, бизнес-марказда 14 қават бўлади. Янги бинолардан бирининг фойесида «Чорсу» меҳмонхонаси тарихи ва унинг меъморий инновацияларига бағишланган кичик музей очиш режалаштирилган. Лойиҳа ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида.
Майдонни реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида «Dunyouzbeklari.Com» кейинроқ батафсил маълумот беради.