Беларусь президенти Александр Лукашенко Ғарб сиёсатчиларининг Россия Украина ва қўшни Европа давлатларига Беларусь ҳудуди орқали ҳужум қилмоқчи, деган сўзларини аҳмоқлик деб ҳисоблади.
Унинг фикрича, Ғарб ўз олдига Россия ва Беларусни “бўғиб йўқ қилиш” мақсадини қўйган.
“Биз вазиятни кескинлаштирмаяпмиз. Россия Беларусь орқали Польша, Литва, Латвия ёки Украинага ҳужум қилмоқчи эмас. Бу мутлақо аҳмоқлик”, деди Лукашенко.
У “Беларусдан ҳеч ким қўшни давлатлар ҳамда НАТО билан урушмаслигига” ишонтирган.
“Ғарб давлатлари бизни ҳамда Россияни бўғиб ўлдиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бугун эса мана шу мақсад сари интилиб, улар бизни нимададир қоралаш учун сабаб изламоқда”, дея қўшимча қилган Беларусь етакчиси.
Унинг таъкидлашича, хорижликлар “барқарорлик, хавфсизлик, тартиб, меҳрибонлик ва меҳмондўстлик диктатураси” ҳукмрон бўлган Беларусга ташриф буюришдан мамнун. Лукашенко, шунингдек, муносабатларни қўшничилик асосида қуришга чақирган:
“Агар хоҳламасангиз, майли, керак эмас. Лекин биз сизни тарк этсак, сиз бизга қайтиб келманг”.
Беларусь президенти аввалроқ агар Польша Ғарбий Украинани босиб олишга ҳаракат қилса, Минск Киевни қўллаб-қувватлашини айтган эди. Лукашенко Варшава Ғарбий Беларусь устидан назоратни қўлга киритмоқчи эканини таъкидлаган. У, шунингдек, Украина ҳукуматини “ақлини йиғиб”, “яқин одамлар, биринчи навбатда беларуслар ёрдамида” мамлакатни тиклашни бошлашга чақирган.