• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди



Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида рейд тадбирлари акс этган видео эълон қилинди.

Жумладан, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, Қуйи Чирчиқ туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 килограмм 834 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтларида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилган. Натижада Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашинада 1991 йилда туғилган муқаддам судланган шахс йўловчи сифатида кетаётгани маълум бўлди.

Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг орқа эшиклари ички қисмига 1 килограмм гашиш моддаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган гиёҳвандлик воситасини Сурхондарёда қабул қилиб олишган ва уни сотиб мўмай даромад топишни режалаштиришган.

Навбатдаги ҳолатда Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи, 1994, 1995 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро 985 грамм гашиш моддасини Nexia русумли автомашинада Тошкент шаҳрига олиб кетаётган вақтларида Зангиота туманида тўхтатиб, қолинди.

Терговга қадар текширув давомида ушбу заҳри қотил ҳам тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатга олиб келингани аниқланди.

Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда Янгийўл тумани ҳамда Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987, 1995 ва 1996 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Қўқон шаҳрига бориб, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган наркосавдогардан 168 грамм гашиш ҳамда 722 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 43 млн. сўмга сотиб олиб, доимий яшаш манзилларига қайтиб келаётган вақтларида қўлга олинди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатга Қирғизистондан олиб келинган.

Яна бир ҳолатда эса Фарғона-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti русумли автомашина Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада унда автомашинани бошқариб кетаётган Транспорт назорати инспекцияси инспектори ҳамда 1975 ва 1990 йилларда туғилган, муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганликлари учун судланган 2 нафар йўловчига тегишли 826 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, улар Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи фуқародан 22 миллион 500 минг сўмга сотиб олишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *