Давлат ҳокимияти вакиллик органлари — Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлислари 7−12 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси йиғилишида маълум қилинди.
Сайлов кодексига мувофиқ, Сенат аъзолари (парламентнинг юқори палатаси, ҳудудий вакиллик палатаси) сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Сенат аъзолари ушбу органлар депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
27 октябрь куни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Парламентнинг қуйи палатасига сайловлар биринчи марта аралаш (мажоритар-пропорционал) тизимда ўтказилди. Палатада 150 нафар депутат — 75 нафари бир мандатли округлардан мажоритар тизим бўйича (номзод учун овоз бериш) ва 75 нафари пропорционал, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхатлари бўйича) сайланган.
Агар илгари Сенат 100 нафар аъзодан иборат бўлган бўлса, ўтган йили янгиланган Конституцияга кўра, эндиликда сенаторлар сони 65 нафарни ташкил этади. Улар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — 4 нафардан (илгари — 6 нафардан) сайланади. Сенатнинг яна 9 нафар аъзоси (илгари — 16) фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган энг обрўли фуқаролар орасидан президент томонидан тайинланади.
Сенат аъзоларининг, шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатларининг ваколат муддати беш йил ҳисобланади.